Ру Ўз O`z En

Уруғлик пахта хом-ашёси етиштириш бўйича танлов натижалари сарҳисоб қилинди

10 Май 2022 1813

"Ўзагроинспекция" томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра ва тегишли Низом талаблари асосида уруғлик етиштиришга ихтисослаштирилган ҳудудларда ўтказилган танловлар натижалари таҳлиллар асосида ўрганилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2022 йил 1 январдан бошлаб 100 минг гектар майдонда уруғлик пахта хом ашёси етиштириш белгиланган бўлиб, ушбу ҳуқуққа эга бўлиш учун 4035 нафар талабгорларнинг 152 минг 952 гектар майдони танловларда иштирок этди.

Ҳудудларда туман ҳокимликлари томонидан тасдиқланган танловларни ўтказувчи туман ишчи гуруҳлари томонидан 3329 нафар субъектларнинг 100,2 минг гектар майдони ғолиб деб топилиб, битта субъектнинг ўртача экин майдони 30,1 гектарни ташкил қилди.

Шунингдек, танловда талабгор сифатида иштирок этган 706 нафар субъектларнинг 47 минг 273 гектар майдони турли сабабларга кўра уруғлик етиштириш ҳуқуқига эга бўлишмади.

Инспекция томонидан тендер танловларининг қонунчиликда белгиланган тартиб тамойиллар бўйича, адолатли, очиқ ва шаффоф ҳолатда белгиланган муддатларда ўтказилиши ўрганилганда, танлов ўтказувчи ишчи гуруҳлари томонидан бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, 62 та ҳолатда танловларнинг белгиланган муддатларда ўтказилмаганлиги, 306 та ҳолатда талабгорларни баҳолаш мезонларига риоя қилинмаганлиги, 209 та ҳолатда танловларга тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги аниқланди. Шунингдек, Ҳукуматнинг 641-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 5-бандида танлов ишчи гуруҳи томонидан талабгорлар тўғрисида маълумотларни тўплаш учун Ўсимликлар карантини ва ҳимояси туман бўлимига, туман ирригация бўлимига, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлимига, туман (Қувасой шаҳри) қишлоқ хўжалиги бўлимига сўровнома юбориши белгиланган бўлсада, 70 та ҳолатда мазкур талабларга риоя қилинмаган ҳолда 697 нафар талабгорлар танлаб олинган.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 13 та ҳолатда 345 та талабгор, Жиззах вилоятида 5 та ҳолатда 35 та талабгор, Самарқанд вилоятида 35 та ҳолатда 193 та талабгор, Сирдарё вилоятида 6 та ҳолатда 23 та талабгор, Фарғона вилоятида 5 та ҳолатда 5 та талабгор ва Тошкент вилоятида 6 та ҳолатда 96 та талабгорларнинг имкониятлари танлов ишчи гуруҳи томонидан берилган сўровномага асосан баҳоланмасдан, ушбу талаблар қўпол равишда бузилган.

Бундан ташқари, юқорида кўрсатиб ўтилган қарор билан тасдиқланган низомнинг 13-бандида танловда иштирок этган уруғлик етиштирувчи субъектнинг экин майдони кўрсатилган ҳолда уларнинг тўплаган балли бўйича энг юқори баллдан бошлаб энг паст баллгача талабгорлар рўйхати шакллантирилиши белгиланган. Мазкур рўйхатда энг юқори балл тўплаган уруғлик етиштирувчи субъектдан бошлаб туманда уруғлик учун экиладиган пахта хом ашёси ёки бошоқли дон экинлари майдони қамраб олингунгача бўлган уруғлик етиштирувчи субъектлар танлов ғолиби деб топилиши белгиланган бўлсада, 244 нафар фермер хўжаликларининг 11 минг 737 гектар майдони ушбу талабга риоя қилинмаган ҳолда танлов ғолиби деб эътироф этилган. Хусусан, бу каби ҳолат Қорақалпоғистон Республикасида 144 нафар фермер хўжалигининг 5 минг 796 гектарида, Тошкент вилоятида 97 нафар фермер хўжалигининг 5 минг 855 гектарида, Фарғона вилоятида 3 нафар фермер хўжалигининг 86,2 гектарида кузатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудларни юқори авлодли уруғликлар етиштиришга ихтисослаштириш тизимини жорий этиш белгиланган бўлиб, тегишли вазирликлар ва вилоятлар ҳокимликларига ихтисослаштирилган ҳудудларда танлов асосида узоқ муддатга уруғчилик хўжаликларининг танланиши топширилган. Шундан келиб чиқиб, олиб борилган ўрганишлар давомида мазкур қарорнинг айрим бандларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари ҳам аниқланди. Хусусан, уруғлик етиштиришга ихтисослаштирилмаган ҳудудлардан жами 29 нафар фермер хўжаликларининг 1 минг 392,3 гектар майдонлари танлаб олинган.

Юқорида аниқланган ҳолатлар ва камчиликлар юзасидан Инспекциянинг қуйи тизимлари томонидан тегишли тартибда таъсир чоралари кўрилиб, танлов ишчи гуруҳларига 90 та тақдимномалар, 102 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар киритилиши таъминланди ва 1 та ҳолатда тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (Прокуратура) га юборилди.

Эндиликда инспекторлар томонидан уруғлик пахта майдонларида ғўза навларининг жойлаштирилиши ва агротехник тадбирларнинг ўз муддатларида ўтказилиши юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Н.Исмаилов -"Ўзагроинспекция"нинг Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи                                                                                

М.Курбанбаев - "Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

 

Text to speech