Ру Ўз O`z En

Уруғлик пахта етиштириш учун экилган ғўза майдонлари апробациядан ўтказилмоқда

14 Август 2021 2848

Маълумки, Республикамизда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда навдор уруғлик чигит билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида ҳар йили уруғлик пахта майдонларида ғўза апробация тадбири ўтказилади.

Ғўза апробацияси навларнинг элита ҳамда кейинги авлодга мансуб майдонларида навнинг ҳақиқий нав тозалиги, нав аралашмалари, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ҳамда кутилаётган умумий пахта ҳосили, уруғлик пахта миқдори ва ундан олиниши кутилаётган уруғлик чигит миқдорини аниқлаб бериши билан муҳим тадбир ҳисобланади.

Шунга кўра, Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 1  августидан 20  августигача уруғлик экилган пахта майдонларида апробация ўтказиш белгилаб олинди.

Хусусан, вилоятдаги уруғчилик фермер хўжаликлари сони 211 тани ташкил қилиб, 6 201 гектар майдонда ғўза парвариши олиб борилмоқда.

Шунингдек, апробация ўтказиш ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 11  август кунига қадар жами 3 387 гектар уруғлик экилган ер майдони апробациядан ўтказилган бўлиб, шундан 643 гектари яроқсиз деб топилган. Уруғлик пахта етиштираётган 118 та фермер хўжалигининг жами 3 144 гектар ер майдони уруғлик талабларига мос келиши юзасидан тегишли хулосалар берилган.

 Бугунги кунда уруғлик майдонлари тўлиқ минерал ўғит билан 3 мартадан озиқлантирилиб, суғорилган, 7-8 марта культивация тадбирлари ва авлодли уруғлик етиштириладиган майдонларда чилпиш ишлари амалга оширилган.

Апробациянинг тўғри, холисона ва ўз муддатларида ўтказилиши Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлими ходимлари томонидан доимий назоратга олинган.

Апробация жараёнида уруғлик майдонларида кутилаётган ялпи ҳосил, уруғлик пахта миқдори, нав тозалиги, касалликлар билан зарарланиш даражаси аниқланади ва нав тозалигини амалдаги давлат стандарти талабига етказиш мақсадида бегона нав аралашмасидан тозалашга алоҳида аҳамият қаратганмиз, - дейди «Ўзагроинспекция»нинг Сирдарё вилоят бошқармаси “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлми” катта инспектори Бахтиёр Салимов.

Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳосил салмоғи нав сифатига боғлиқ. Демак, парваришланаётган уруғлик пахтани апробациясини тўғри ўтказиш келгуси йил ҳосилига замин яратади.

 

 “Ўзагроинспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати. 

 

Text to speech