Ру Ўз O`z En

Уруғлик учун экилган картошка майдонларида апробация кўриги тўғри ўтказиляптими?

11 Октябрь 2022 1328

Бугунги кунда, дунёнинг 156 мамлакатида йилига ўртача 377 миллион тоннага яқин картошка етиштирилади. Картошка маҳсулотини Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Германия, Бангладеш, Россия, Польша, Франция ва Нидерландия энг етакчи ишлаб чиқарувчилари ҳисобланиб, Ўзбекистон бу рўйхатда 23-ўринни эгаллайди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб, жами талаб қилинадиган уруғликни 90-95 фоизи республикамизда фаолият олиб бораётган қишлоқ хўжалик субъектлари томонидан етиштирилади.

Жумладан, Наманган вилояти деҳқонлари ҳам ушбу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдалар.

Хусусан, картошка экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида супер элита, элита ва R-1 авлодли уруғликлар етиштириш йўлга қўйилиб, маҳаллий шароитда уруғлик етиштириш ҳисобига чет элдан хорижий уруғликларни ҳарид қилиш кескин камайишига эришиш ҳисобига,  соҳа жадал ривожлантирилмоқда. 

Вилоятнинг картошкачиликка ихтисослашган тоғолди ҳудуди ҳисобланган Янгиқўрғон туманида асосий экин сифатида экилган 3 минг 80 гектарга яқин майдонда ҳосил йиғиштириб олинган бўлса, 690 гектар ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида экилган картошка пишиб етилиш арафасида.

Айни кунларда “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими, туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва Уруғчиликни ривожлантириш марказининг Наманган вилоят бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида уруғлик учун экилган катрошка майдонларида апробация ишлари олиб борилмоқда.

Бунда, ўсимликнинг касалликларга чидамлилиги, навдорлиги, ҳосилдорлиги, маҳаллий иқлим шароитига мослашувчанлиги каби кўрсаткичлар бўйича таҳлил қилиняпти.

Шунингдек, эрта баҳорда фермер хўжаликлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига сертификатланган сара уруғлик етказиб беришдан тортиб зарур агротехник тадбирларни ўтказиш жараёнларни туман инспекторлари томонидан доимий назоратга олинган.

Инспекциянинг туман бўлими томонидан етиштирилаётган уруғликнинг навдорлигини таъминлаш мақсадида, жорий йил картошкачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликларга, соҳага масъул бўлган мутасадди идораларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, агротехника қоидаларига қатъий амал қилиш борасида 3 та тақдимнома, 8 та ёзма кўрсатма ҳамда 93 та огоҳлантириш берилди, -дейди биз билан суҳбатда инспекциянинг туман бўлими катта инспектори Б. Йўлдошев. 

Туманнинг “Исковот” агрофирмаси ҳудудидаги “Қаюмов Нуриддин Мадраҳимович” фермер хўжалигининг 7 гектар майдонида супер элита авлодига мансуб “Констанса” навли картошка экилган бўлиб, ушбу майдонларда апробация кўригини ўтказиш жараёнида, экинлар агротехник талабларга риоя этилган ҳолда парваришланаётгани, уруғчилик бўйича давлат стандарти талабларига жавоб бериши, ҳосилдорлиги дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ўртача ҳар гектаридан 240-250 центнерни ташкил этиши аниқланди.

Картошка уруғчилик соҳасининг салоҳиятини ошириш, келгусида янада юқори, барқарор ҳамда сифатли маҳсулот етиштиришга ва аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Сара уруғ – мўл ҳосил, деганларидек, картошкачиликнинг инновацион усуллар ва замонавий технологиялар асосида ривожлантирилиши аҳолимиз дастурхонида “иккинчи нон”нинг тўкин бўлишига мустаҳкам замин яратади.

М.Қурбонбоев, "Ўзагроинспекция" бошқарма бошлиғи,

Х.Маҳмудов, бўлим бошлиғи

З. Исматов, бош инспектори

Text to speech