Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрьдаги “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзагроинспекция"нинг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси томонидан “Селекция-уруғчилик” модули ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда, 2022 йил ҳосилидан пахта ва бошоқли дон экинларининг уруғлигини етиштириш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар ушбу модулга киритилиб, уларнинг электрон базаси шакллантирилди.
Хусусан, уруғлик пахта етиштириш ваколатига эга бўлиш учун танловлар асосида хўжаликлар рўйхати шакллантирилиб, шундан бугунги кунда 3194 таси (103,7 минг гектар) тўғрисидаги, шунингдек, 3203 та бошоқли дон экинлари уруғини етиштирувчи субъектларнинг 90,3 минг гектар майдони тўғрисидаги маълумотлар ҳам “Селекция-уруғчилик” модулининг “экинларни жойлаштириш” базасига киритилди.
Шунингдек, 2022 ҳосил йилида оригинал ва элита авлодига мансуб уруғлик пахта (52 та) ва ғалла (62 та) етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият сифатида фаолият юритувчи элита уруғчилик хўжаликлари ҳамда илмий тадқиқот институтларининг (18 та) та илмий тажриба станцияларида янги навларнинг уруғини дастлабки кўпайтириш билан шуғулланувчи элита хўжаликларининг рўйхати ҳам базага киритилмоқда.
Маълумотлар базасида, уруғлик етиштирувчи субъектларнинг номи, жами экин майдони, СТИР рақами, хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ва телефон рақами, уруғлик етиштириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат тури, қабул қилинган санаси ва унинг нусхаси, контурлар бўйича уруғлик майдонлари, ҳосил йили, экин тури, нави, авлоди, уруғлик майдони, ерларнинг балл боннитети, ҳосилдорлиги ҳамда етиштириладиган ялпи ҳосил миқдори сингари маълумотлар киритилади
Ушбу модулнинг ишлаб чиқилиши келгусида соҳа инспекторлари томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида муҳим аҳамият касб этади.
Н.Исмаилов — Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи.