Ру Ўз O`z En

“ЎЗАГРОИНСПЕКСИЯ” ДЕЛЕГАЦИЯСИ   “БУТУНЖАҲОН УРУҒЧИЛИК КОНГРЕССИ”ДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

21 Май 2025 133

Айни пайтда, Туркиянинг Истанбул конгресслар марказида (ИCC) Халқаро уруғчилик федерацияси (ИСФ), Халқаро ўсимликларни муҳофаза қилиш ташкилоти (УПОВ), Халқаро уруғлик синовлари ассоциацияси (ИСТА) ҳамкорлигида ташкил этилган “Бутунжаҳон уруғчилик конгресси” бўлиб ўтмоқда.

Конгрессда, 100 дан ортиқ мамлакатларнинг вазирлик, идоралари ва соҳага доир ташкилотлардан иборат жами 2000 дан ортиқ вакиллари иштирок этмоқда. Нуфузли анжуманда жумладан, “Ўзагроинспексия” қошидаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази давлат муассаси директори Жаҳонгир Каримов, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Даврон Мақсудов иштирок этмоқдалар.

Бутунжаҳон уруғчилик конгрессида, жаҳон уруғчилик савдосидаги сўнгги ўзгаришлар, халқаро уруғчилик савдосидаги жиддий муаммолар муҳокама марказига айланган. Шу билан бирга касбий алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, ўзаро ҳамкорлик муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда иқлим ўзгариш жараёнларига мос сифат кўрсаткичлари юқори навларни яратишнинг муҳим аҳамияти бўйича тажрибалар алмашилмоқда. Анжуманнинг ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилаётгани тажрибалар алмашинувида муҳим аҳамият касб этяпти.

Шу билан бирга, Конгрессда Туркия, АҚШ ва бошқа етакчи хорижий мамлакатлар тажрибалари асосида қишлоқ хўжалиги экинлари навларини яратишнинг янги усуллари, нав уруғликларини аниқлаш, таққослаш, уруғларни сертификатлаштириш, кўпайтириш, ишлаб чиқариш, сақлаш технологиялари бўйича охирги олиб борилган тадқиқотлар билан илмий-амалий тарзда таништириш ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларни кенгайтириш мақсад қилинган.

Ўзагроинспексия ахборот хизмати

Text to speech