Ру Ўз O`z En

Сурхондарё вилояти Термиз тумани Термиз дон қабул қилиш маскани мажлислар залида  Ғалла-2025: йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар  бўлиб ўтди

14 Май 2025 66

Семинарда вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари раҳбарлари, ғаллачиликка ихтисослашган фермерлар ва деҳқончилик хўжаликлари вакиллари, Агроинспекция вилоят ва туман раҳбарлари, шунингдек, ғалла қабул қилиш масканлари ва қабул қилувчи ташкилотлар масъуллари иштирок этди.

Ушбу семинарда Ўзагроинспекция бошлиғи Аброл Вахабов иштирок этиб, мавсум олди бажарилиши лозим бўлган ишлар, жумладан ўрим-йиғим ишларида қатнашадиган комбайнлар  ва ташиш техникаларининг созлиги, дон қабул қилиш масканлари ҳамда электрон тарозиларнинг шайлиги ва фермер хўжаликлари ва корхона ўртасида шартномаларнинг тузилиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади. Бу борада масъул ташкилотларга тегишлилиги бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, Ўзагроинспекция бошлиғи А.Вахабов Жарқўрғон туманидаги бир қатор фермер хўжаликларида бўлиб, ғўза майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишди.

 Жумладан, “Исмоилтепа зироатчи” ҳудудида жойлашган “Абдураҳмон” фермер хўжалигининг 20 гектарлик контурига экилган хорижий “Хин Лу Зао” ғўза навининг вегетатив ҳолатини кўздан кечирди. Мазкур навнинг ўсиш ҳолати, сув ва озуқага эҳтиёжи, шунингдек, ҳосилдорлик кўрсаткичлари юзасидан масъуллар билан атрофлича суҳбат олиб борилди.

Ушбу контурга ёндош ҳудудда жойлашган “Акмал” фермер хўжалигининг 8 гектарли ғўза майдонига “Равнақ-2” маҳаллий ғўза нави 76 схемада, плёнка остига томчилатиб суғориш технологияси асосида экилган. Ўрганишлар чоғида ғўза навлари бир текис униб чиққани ва самарали агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилаётгани ҳисобига яхши ривожланаётгани маълум бўлди. 

А.Вахабов хўжалик раҳбарлари ва агрономлар билан мулоқотда бўлиб, Сурхондарё вилоятининг иқлим шароити, сув таъминоти ва тупроқ хусусиятларини инобатга олган ҳолда агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини бериб, ҳар бир нав учун мослашган парвариш усулларини жорий этиш юқори натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Text to speech