Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциясининг Навоий вилоят бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь- Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири ва шахмат-шашка мусобақаси бўлиб ўтди.
Дастлаб бошқарма бошлиғи Абдуразоқ Нарзиев барча ходимларни Ватан ҳимоячилари куни билан қизғин табриклаб, Миллий армиямизнинг куч-қудрати, юртимизда ҳарбийларга яратилган имтиёзлар ҳақида сўз борди. Ватанни қўриқлаш, унга содиқ ўғлон бўлиш ҳар бир йигитнинг шарафли бурчи экани алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг бошқарма ходимлари ўртасида шахмат ва шашка мусобақаси бошланди. Байрамона руҳда бошланган беллашув қизғин ва муросасиз тус олди. Қувонарлиси, бу спорт турига қизиқувчилар ҳар бири ғолиблик учун астойдил баҳс олиб борди. “Ақл гимнастикаси” баҳсида бошқарма инспекторлари Алиқул Бабамуродов, Меҳриддин Воҳидов, Лапас Умаровларнинг анча маҳоратли экани кўринди. Шашка ўйинларида эса Улуғбек Юсупов, Зафар Каримов, Зиёдулла Тўхтаевлар рақибларига нисбатан тажрибали эканликларини кетма-кет қўлга киритган ғалабалари билан исботлашди.
Яна бир қувонарли жиҳат, жамоа раҳбариятининг ҳам спортсевар эканлигида бўлди. Уларнинг шахмат ва шашкада ҳам кучли ва фаол эканлиги нафақат ходимларга ўрнак бўлди, балки уларга янада ғайрат, куч бағишлади.
-Жамоамизнинг шахмат-шашка мусобақасида фаол иштирокидан мамнун бўлдик, - дейди мусобақани ташкил этишда алоҳида жонбозлик кўрсатган бошқарма инспекторлари Алиқул Бабамуродов ва Илҳом Ҳайитов. – Эрталабдан барча кўтаринки руҳда завқ билан ўйинга киришди. Бугунги спорт мусобақаси ҳақиқий қўшалоқ байрамга айланиб кетди.
-Спорт мусобақасининг ташкил этилгани байрамга биз учун ажойиб совға бўлди, десам, муболаға эмас, - дейди инспектор Улуғбек Юсупов. – Кўтаринки, байрамона кайфиятда бўлдик. Ҳамкасбларимиз билан аҳиллик, ҳамжиҳатлик янада мустаҳкам бўлди. Уларнинг спортда ҳам фаол ва интилувчан эканликларини билдик. Биз учун ўзгача руҳдаги кун бўлди. Бунинг учун мусобақа ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
- Шу каби спорт ўйинлари мияни дам олдириш билан бирга, танамиз соғломлигида ҳам аҳамиятли, - дейди катта инспектор Зафар Каримов. – Кейинги ҳафталарда қўл тўпи, футбол, сузиш мусобақалари ўтказилиши режалаштирилган. Бу беллашувларда ҳам фаол иштирок этиб, ғолиб бўлишга аҳд қилганмиз.
Қизғин кечган шахмат ўйинида катта инспектор А. Бабамуродов 1-ўринни қўлга киритган бўлса, кейинги ўринлар бош инспектор Меҳриддин Воҳидов ҳамда Лапас Умаровларга насиб этди. Шашка баҳсларида эса Зафар Каримов биринчи, Улуғбек Юсупов иккинчи, Зиёдулла Тўхтаев учинчи ўрин соҳиби деб топилди.
Аёллар ўртасидаги шашка ўйинида бошқарманинг молия-хўжалик бўлими бош мутахассиси Дилдора Қобилова биринчи ўринни эгаллади.
Бир сўз билан айтганда, бошқармада нишонланган Ватан ҳимоячилари куни қўшалоқ байрам сифатида қалбларга муҳрланди.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати