Ру Ўз O`z En

Ғалла парваришида аниқланган камчиликлар юзасидан огоҳлантиришлар берилмоқда

16 Февраль 2024 1565

Республика ҳудудларида 2024-йил ҳосили учун парвариш қилинаётган ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши “Ўзагроинспекция” томонидан доимий назоратга олиб борилмоқда.

Жумладан, ҳудудларда 2024 йил ҳосили учун 1 млн. 169 минг 775 гектар сувли майдонларда бошоқли дон экинлари парвариш қилинаётган бўлиб, бугунги кунда ушбу майдонларнинг 1 млн. 140 минг гектари ёки 98 фоизи туплаш, ҳамда 29 минг гектари ёки 2 фоизи 3-4 барг фазасида ривожланмоқда.

Ғалла майдонларида бугунгача қарийб 2 марта суғориш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, ғалладан юқори ҳосил етиштиришда азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш катта аҳамиятга эга, кузги буғдой ривожланишнинг дастлабки фазасидан бошлаб, барча ривожланиш фазаларида азотга эҳтиёж сезади.

Бугунги кунда ҳудудларда ғаллани азотли минерал ўғитлар билан баҳорги 1-озиқлантириш ишлари (200-250 кг/га) 587 минг 525 гектар ёки 50 фоиз майдонда амалга оширилди.

Ушбу тадбир, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах, Тошкент вилоятларида жадал олиб борилмоқда.

Ғалланинг яхши ўсиши ва ҳосилдорлик мўл бўлишида маҳаллий ўғит билан озиқлантиришнинг фойдаси катта.

Маҳаллий ўғитлар ғалла майдонларига солинганда, ернинг агрокимёвий ва агрофизик хусусиятлари яхшиланади, намлик яхши сақланади, ғалланинг ўсиш ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда ғалладан мўл ҳосил олиш имкониятини янада оширади.

Бугунги кунда, ғалла майдонларига гектарига 3 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш белгиланган бўлиб, бугунги кунгача жойларда февраль ойи учун 47 фоиз (1 млн. 663 минг тонна) маҳаллий ўғит ғалла майдонларига чиқарилди.

Соҳа мутахассислари томонидан, мавсум давомида жойларда ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарилиши юзасидан 116 та профилактик тадбирлари, 203 та текширишлар амалга оширилди.

Ушбу тадбирлар давомида 252 та камчиликлар аниқланиб, камчиликларни бартараф қилиш бўйича, 78 та огоҳлантириш, 160 та ёзма кўрсатмалар, 69 та тақдимномалар берилди.

Ўзагроинспекция томонидан ҳудудларда ғалла парваришида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан доимий назоратга олиб борилади.

Инспекциянинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими

Text to speech