Белгиланган чора-тадбирларга кўра, “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туманлар бўлимлари томонидан сунъий сув обектларидаги сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилган.
Хусусан, 2023-йил ёзги суғориш мавсумида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби тўлиқ ва тўғри юритиш мақсадида сувнинг жами 80 минг 214 та кундалик ҳисоб журналлари , шундан 16 минг 953 таси сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари ҳисобидаги сув олиш жойларида ҳамда сув хўжалигининг махсус хизматлари билан 63 минг 261 та сув истеъмолчилари ўртасида юритилаётган сувнинг кундалик ҳисоб журналлари Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туманлар бўлимларида рўйхатдан ўтказилиб, юритилиши назоратга олинди.
Белгиланган тартибда жойларда ўтказилган ўрганишларда сув истеъмолчилари томонидан 3 минг 909 та камчиликка йўл қўйилганлиги аниқланди.
Шундан, 275 та ҳолатда сувни шартномасиз, 298 та ёзма буюртманомасиз, 90 та ҳолатда махсус рухсатномасиз, 397 та ҳолатда сувнинг ҳисобини журналларда қайд қилмасдан олиш, 551 та ҳолатда сувни қабул қилувчи истеъмолчининг имзосисиз, 413 та сув бериш жойларида сув ўлчов ишлари ўтказилмаганлиги, 406 та ҳолатда сувни етказиб бериш ва қабул қилишда икки томонлама ойлик далолатнома расмийлаштирилмаган, 592 та ҳолатда сув олиш жойларини сувни бошқариш ва 636 та ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган жойлардан ҳамда 251 та ҳолатда рухсат этилмаган жойлардан ноқонуний равишда сув олинганлиги аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Ўрганишларда аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекция ваколати доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 451 та (154,9 млн.сўм) маъмурий, 101 та (55,8 млн.сўм) жарима санкция қўлланилди. 35 та ҳолатда тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилиши таъминланди.
Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 3 минг 617 та ёзма кўрсатма ва 117 та тақдимномалар киритилди, 2 955 та ҳолат бўйича сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Бугунги кунда, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламасдан шунингдек, сув олишга рухсат этилмаган жойлардан сув олганлиги учун белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилиши тўғрисида жойларда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни ва агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси