Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 170-сонли қарорида 2023 йил 1 сентябрьдан бошлаб қуйидагилар ўзгариши белгилаб қўйилган:
1. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларига жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.
“Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК томонидан ишлаб чиқариш техник базаси белгиланган тартибда техник жиҳатдан малакалилиги маъқуллашдан ўтган ва Инспекциянинг жисмоний шахсларнинг 100 от кучи қувватгача бўлган техникаларини техник кўрикдан ўтказиш учун зарур шароитларга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари реестрга киритилган юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш амалиёти жорий этилади.
2. Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон бериш амалиёти бекор қилинади (хорижий давлатларга ишга юбориладиган техникалардан ташқари)
Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги қоғоз шаклидаги талон бериш бекор қилиниб, техник кўрик маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилиб, “Техникалар техник кўриги” автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон шаклда юритиш амалиёти жорий этилади.
Хорижий давлатларга ишга юбориладиган техникаларга амалдаги техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон бериш амалиёти сақланиб қолади.
3. Эски намунадаги техник паспорт, техник гувоҳнома, давлат рақами белгиси ва тракторчи-машинист гувоҳномаси ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Эски намунадаги техник паспорт, техник гувоҳнома, давлат рақами белгиси ва тракторчи-машинист гувоҳномасини мажбурий тартибда алмаштиришнинг якуний муддати 2023 йил 31- август этиб белгиланган бўлиб, 1 сентябрьдан бошлаб ушбу эски намунадаги ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Эски намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳнома, давлат рақам белгилари, тракторчи-машинист гувоҳномасини алмаштириш муддати ўтганда, фуқаро уни алмаштириш учун мурожаат қилинганда маъмурий жарима қўлланилмайди. Фақатгина, қишлоқ хўжалиги мелиорация ва йўл-қурилиш техникасини бошқариш ҳуқуқини бермайди.
Яъни муддати ўтган эски намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳнома, давлат рақам белгилари, тракторчи-машинист гувоҳномаси билан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини бошқарган шахсга нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси билан “ҳужжатсиз бошқариш” сифатида маъмурий баённома расмийлаштирилади.