Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзагроинспекция" ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева маълум қилди:
“Ўзагроинспекция” томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан оқилона ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, суғориладиган ерларда қулай сув режимини вужудга келтириш мақсадида амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувдан самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш билан бирга сув истеъмолчилари орасида қатъий тақсимлаган ҳолда сув етказиб берилиши ҳамда мавжуд сув ресурсларидан фойдаланишда сув исроф бўлишини эрта олдини олиш мақсадида жойларда амалий тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасидаги мутахассислар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 4 624 та амалий тадбирлар ўтказилди.
Берилган аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар натижасида жами 9 424 та ҳолатда далада сув исроф бўлишининг олди олинди.
Жумладан, экин майдонларини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, сувларни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, суғориш ишларига етарли даражада сувчиларни жалб этмай, далада сувни қаровсиз қолдириш, лимитдан ортиқча сув олиш, ажратилган сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва бошқа шу каби сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш ҳолатлари аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, сув етказиб берувчи ташкилотлар томонидан 350 та ҳолатда рухсат этилмаган жойлардан ноқонуний равишда очиб олинган сув олиш жойларидан сув бериш, 11 та ҳолатда сув омборидан ҳамда
96 та ҳолатда насос станциясидан рухсатсиз сув чиқариш ҳолатлари аниқланиб, сув олишни қатъий белгиланган режимлари асосида амалга оширилиши таъминланди.
Инспекция ходимларининг бевосита амалий ёрдами билан:
887 та ҳолатда сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилари ўртасидаги низоли ҳолатлар бартараф этилди;
1 минг 27 та ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги сув истеъмолчиларига сув етказиб беришда кўмаклашилди;
472 та яроқсиз ҳолатга келган сув объектларидан беҳуда сувлар оқизиб юборилиши тўхтатилди;
767 та ҳолатда сув йўқолиши юқори бўлган фермерлараро ички суғориш тармоқларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари ташкил қилинди;
370 та ҳолатда бошқа сув истеъмолчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди;
238 та ҳолатда сув хўжалиги объектларига етказилган зарар ўз ҳолатига қайтарилди;
262 та жойларда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўқув амалий семинарлари ўтказилди;
601 та ҳолатда эса, амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш, ундаги талаблар бузилишининг олдини олишга қаратилган услубий ва тавсиявий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, сув танқислиги сезилган ҳудудларда бир суғориш тармоғидан фойдаланувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқалар ўртасида сувдан навбатлаб фойдаланиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда, Инспекция ходимлари томонидан кўрсатилаётган амалий ишлар натижасида сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, суғориш учун ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш таъминланмоқда.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати