Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Хатирчи туман бўлими томонидан қишлоқ хўжалигининг барча йўналишлари бўйича назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Айниқса, ғўза парваришида эълон қилинган “Долзарб 30 кунлик” даврда туманда ғўза агротехинкаси тадбирларини сифатли ўтказишга янада кўпроқ эътибор қаратилди. Ғўза қатор ораларига ишлов бериш, ҳар гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш, тунги суғоришда “шарбат” билан сув таратиш ва бошқалар юзасидан Агроинспекция ходимлари томонидан кечаю кундуз мониторинг тадбирлари ташкил этилди.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йил туман бўйича 10 465 гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, культивация ишларини амалга ошириш учун 207 та культиваторлар иштирок этиб 10 марта ғўза қатор ораларига ишловлар ўтказилди.
Шу билан бирга бугунги кунда туманда ғўзани чилпиш ишлари тўлиқ якунланди ҳамда 2 472 гектар ғўза майдонида 4-суғориш ишлари бажарилди.
Инспекция туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида ғўза агротехникаси юзасидан камчилик ва хатоларга йўл қўйган фермер хўжалик раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ва бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.
Хусусан, мавсум бошидан буён туманда парвариш қилинаётган ғўза майдонида назорат тадбирлари ўтказилиб, 106 нафар фермернинг 778 гектар пахта майдонида культивацияни сифатсиз ўтказиш, ривождан орқада қолиш, кимёвий ва биологик ишлов ўтказилмагани каби турли камчилик ва хатолар аниқланди.
Мазкур ҳолатлар бўйича фермер хўжалик раҳбарларига 23 та огоҳлантириш хати ва 25 та ёзма кўрсатма берилди. Бундан ташқари тегишли ташкилот ва ҳокимликларга 3 та тақдимнома киритилди.
Маълумот ўрнида келтириш жоиз, ўтган июль ойида Инспекциянинг туман бўлими томонидан 56 та назорат тадбирлари ўтказилди. Шундан 6 тасини текшириш, 50 тасини мониторинглар ташкил этади.
Назорат тадбирлари давомида 78 та қонунбузилиш аниқланиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши шарт бўлган 71 та ёзма кўрсатма ва 7 та огоҳлантириш хатлари берилди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 6 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши таъминланди.
Зулфия Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари