Дон - халқимизнинг ризқ-рўзи, фаровонлик омили саналади. Шу боис уруғ қадашдан тортиб токи пишиб етилган донни қабул қилиш шохобчаларига етказиш ва сақлашгача бўлган жараённинг сифатли кечиши муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 546-сон қарорига асосан “Ўзагроинспекция” Хоразм вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан ҳам бу бўйича зарур чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.
Бошоқли дон етиштиришда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ер майдонларининг зарур миқдордаги фосфорли ва калийли минерал ўғитлар билан сифатли тайёрланишини, минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида ҳамда тўлиқ етказиб берилишини, белгиланган муддатларда экилишини ва агротехник тадбирлар сифатли амалга оширилишини ташкил этиб, назорат тадбирларини ўтказиб келмоқда.
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи вилоятдаги 4 та корхона 2021 йил ғалла ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун жами 78 минг 352 тонна дон қабул қилиб олиши (70052 тонна товар дон, 8300 тонна уруғлик дон) режалаштирилган. Айни пайтда ушбу корхоналар ва уларга қарашли 4 та қабул қилиш шохобчасини мавсумга тайёрлаш ишлари тўлиқ якунланган.
Мавсумда дон қабул қилишда ишлатиладиган автомобиль тарозилари ва юклаб-тушириш ускуналарининг созлиги, дон сақлаш омборларининг мавсумга тайёрлиги, корхоналар ҳудудидаги асфальт майдонларининг таъмирланганлиги лабораторияларнинг ўлчов воситалари ҳамда синов ускуналари давлат қиёслов кўригидан ўтказилганлиги муҳим аҳамиятга эгадир.
Ушбу ишларнинг қай тарзда амалга оширилганлиги юзасидан, вилоятдаги корхоналарда “Ўзагроинспекция” инспекторлари томонидан 2021 йил ғалла қабул қилиш мавсумига тайёргарлик юзасидан назорат тадбирлари ўтказилиб, бир қатор ёзма кўрсатмалар берилди ва ижроси назоратга олинди.
"Ўзагроинспекция" Хоразм вилояти бошқармаси Ахборот хизмати