Ру Ўз O`z En

ХОРИЖИЙ КОРХОНАГА БЕРИЛГАН ЕРЛАРГА НОҚОНУНИЙ УЙ - ЖОЙ ҚУРИЛГАН...

3 Ноябрь 2020 2322

Бугунги кунда фуқароларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний тартибда уй-жой ва турли иморатларни қуриб олиши соҳадаги энг оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу билан фуқаро ўз оиласи иқтисодиётига ҳам, ўзгалар манфаатига ҳам жиддий зарар етказади. У белгиланган тартибда қонуний жавобгарликка тортилишидан ташқари, йиллар давомида маблағ сарфлаб, пешона тери эвазига қурган иморати шунчаки бузиб ташланади. Ноқонуний қурилма бўлгани учун компенсация пули ҳам ололмайди. Қолаверса, давлатга, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни қоплаб беришига тўғри келади.

Нишон тумани Ширинобод қишлоғида яшовчи бир неча фуқаролар ҳам ҳудудда фаолият юритаётган “Индарама агро” хорижий корхонасига берилган ер майдонига ўзбошимчалик билан иморат қуриб олганлиги аниқланди.

Корхона мурожаатига асосан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси мутахассислари томонидан бу борада текширув ўтказилганда, ҳақиқатан ҳам фуқаролар ҳеч қандай ҳужжатсиз хорижий корхона ерларига иморат қуришгани маълум бўлди.

Жумладан, шу ҳудудда яшовчи фуқаролар С. Ҳ. 0,5 гектар, Ш. П. томонидан 0,2 гектар, Ф. Р., А Т., Ф. Н.лар томонидан 0,25 гектардан ер майдони ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олиниб, бу ерда ноқонуний қурилишлар амалга оширилган.

Айни пайтда ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний ҳал этилиши учун туман прокуратурасига юборилди.

Асқарали БЕККАМОВ, "Ўзагроинспекция"нинг Нишон туман бўлими катта инспектори

Text to speech