Ру Ўз O`z En

Ховос туманида 400 гектар майдонда янги интенсив боғ барпо қилинди

8 Июнь 2022 2084

Ҳукуматнинг 2019 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги қарорига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси яроқсиз деб топилган кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича қатъий назорат ўрнатилган.

Бугунги кунда Ховос туманида жами 147 та фермер хўжаликлари, 1 минг 719 гектар ер майдонида боғдорчилик ва узумчилик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Боғдорчилик тармоғида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этилиши, шунингдек, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида, “Боғистон” масъулияти чекланган жамиятининг 400 гектар ер майдонларида янги интенсив боғ барпо этилди.

Ушбу барпо этилган боғда замонавий сув тежамкор технологиялар, шу жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий қилиниб, бозор конъюнктураси таҳлилини ҳисобга олган ҳолда мева маҳсулотлари турларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Интенсив боғ барпо этишда Эрон давлатидан 300 минг дона кўчатлар келтирилиб, ушбу келтирилган кўчатларнинг нав гувоҳномаси, мувофиқлик ва карантин сертификати мавжудлиги инспекция томонидан назорат қилиб борилди.

Маълумот ўрнида, ушбу барпо этилган интенсив боғда 300 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилиб, бугунги кунда 200 га яқин ишсиз аҳоли иш билан таъминланди.

Ўтказилган 250 гектар олма ва 50 гектар нок ҳамда 100 гектар токзорлардан келгуси йили мева бериши режалаштирилган бўлиб, туманнинг мева экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириб, ички бозорда ҳам мевалар нархларининг барқарорлашишига олиб келиши кутилмоқда. Боғни самарали ташкил этилиши ва ердан унумли фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши “Ўзагроинспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Хусусан, яроқсиз деб топилган кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар ўрнига янги ҳосилдор интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиш, суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий этилиши ҳамда қатор ораларига ўз вақтида ишлов берилиши юзасидан бир қатор назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан, жорий йилнинг 5 ойи давомида 22 та ёзма кўрсатмалар ҳамда 14 та огоҳлантиришлар берилиши таъминланди, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Ховос туман бўлими “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шўъбаси” катта инспектори Ж. Ғозиев.

Қолаверса, ўтказилаётган профилактик тадбирлар натижасида ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига боғдорчиликни ривожлантириш борасида амалий ёрдамлар бериб келинмоқда.

 “Ўзагроинспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати.

Text to speech