Республикада суғориладиган ерлардан унумли фойдаланиш, келгусида картошкачиликни ривожлантириш, хорижий илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, картошка уруғчилигини ривожлантириш мақсадида замонавий, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, сифатли уруғликнинг кафолатланган ҳажмлари асосида ички бозор нархларининг барқарорлигини таъминлаш, картошка етиштиришни кўпайтириш, шунингдек, хорижий технология асосида маҳаллий картошка уруғчилигини ривожлантириш, картошка етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ер майдонларида уруғлик картошкани жойлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, картошка салқин, сернам тоғолди ҳудудларида яхши ҳосил беради. Янгиқўрғон азалдан тупроқ, иқлими шароити туфайли ушбу экин учун қулайлиги боис уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилган эди.
“Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилоят. Янгиқўрғон туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги қарорлари талабларининг ижроси назоратга олинган.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, бугунги кунда тумандаги 382 нафар фермер хўжалигида 1345 гектар асосий ва 400 гектар боғ-ток қатор ораларида картошка экини экилиб парваришланмоқда. Экилган картошка майдонларининг қарийб 70 фоиз қисми гуллаш фазасида ривожланмоқда. Бундан ташқари туманда 2021 йил ҳосилидан ғалладан бўшайдиган майдонларнинг 721 гектар қисмига такрорий экин сифатида картошка экилиши режалаштирилган.
“Янгиқўрғон картошка уруғ лабораторияси” МЧЖ таъсисчилиги асосида Голландия давлати “Аgrico” компанияси таъминотчи сифатида такрорий майдонларга картошка экини экилиши учун картошканинг элита ва юқори авлодларига мансуб картошка уруғликлари билан таъминлаш режалаштирилган. Шунга кўра “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК сертификати асосида картошканинг “Аризона” ва “Константа” навли уруғликларидан 115 тоннаси туманга келтирилиб музлаткич омборхоналарда тегишли тартибда сақланмоқда ҳамда яна олиб келиш ишлари давом этмоқда.
Уруғлик картошка музлатгичли омборхоналарда сақланмоқда
Инспекция туман бўлими томонидан жорий йилда мазкур йўналишда ўтказилган назорат тадбирлари якуни билан масъул идоралар ва фермер хўжаликларига 5 та тақдимнома, 65 та огоҳлантириш берилди.
Бекзод Йўлдошев, “Ўзагроинспекция”нинг Янгиқўрғон туман бўлими катта инспектори