Кейинги йилларда мамлакатимиз ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ер майдонларини мақбуллаштириш ва уларни ажратишни соддалаштирилган тартибини қўллаш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланишда замонавий бозор механизмидаги, инновацион ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига юқори даромадли экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур вазифаларни бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5742-сонли фармони қабул қилинган.
Унга кўра, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ва унинг “Йўл харитаси”, 2020 - 2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган.
2020 - 2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадолигини ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар асосида Республикада 1 111 723 гектар, Бухоро вилоятида 39063 гектар, Жондор туманида эса 6105 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларининг фойдаланишга киритилиши режалаштирилган. Бу борадаги ҳаракатлар эса бошлаб юборилган.
“Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси Жондор туман бўлими туманда ер ва сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича жорий йилнинг январ-май ойлари мобайнида ўтказилган назорат тадбирларига кўра, 34 ҳолатда ер, 8 ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганлик ҳолатлари аниқланди ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддалари билан ҳуқуқбузарларга нисбатан 11,6 млн.сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Дарҳақиқат, мақсадимиз ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш, Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашдан иборатдир.
“Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси