Республикада жорий йилда 1 млн. 34 минг 223 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда.
Ғўза парваришида бугунги кундаги амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлардан бири - бу ғўза дефолиациясига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни уюшқоқлик билан ташкил қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 июлдаги 40-сон йиғилиш баёнига асосан, жорий йилда 890 минг 70 гектар ёки умумий ғўза майдонларининг 86 фоизида дефолиация тадбирлари ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек, дефолиантларни муддатида ҳамда мақбул меъёрларда қўллаш, ғўза баргларининг 80-95 фоизини тўкиб, қатор ораларида ҳаво алмашинувини яхшилайди, қуёш нуридан самарали фойдаланилади, шунингдек, ўсимлик танасидаги моддаларнинг қайта тақсимланиши натижасида кўсакларнинг очилиши 10-15 кунга тезлашади, бунда 1-терим ҳосили 10-12 фоизга, умумий ҳосилдорлик эса 2-3 центнерга ошиб, тола ва чигитнинг сифати яхшиланади.
Дефолиацияни белгиланган муддатдан олдин бошлаш ёки меъёрини ошириб юбориш ёш кўсакларнинг мажбуран очилишига сабаб бўлиб, ҳосил салмоғи ҳамда сифатига салбий таъсир этади. Шунингдек, дефолиацияни кеч ўтказиш ёки дефолиант меъёрини камайтириш эса кутилган натижани бермайди ва сарф-харажатларнинг бекорга сарфланишига олиб келади.
Бундан ташқари, жорий йилда етиштирилган пахтадан юқори ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири бу - ғўза дефолиацияни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.
Мавсумда қатнашадиган самолётлар, ОВХ пуркагичларни мавсумга шай ҳолатга келтириш;
- дефолиация мавсуми учун талаб этиладиган дефолиантларни белгиланган турлари бўйича захирасини яратиш ва дефолиацияни қўллаш меъёрларига риоя этилиши ҳамда ўз муддатида ва сифатли ўтказиш;
- ишчи эритмани тайёрлаш ва уни қўллаш нормаларига риоя қилиш ва ишчи эритмани жиҳозланмаган жойларда ва мутахассислар иштирокисиз тайёрланишига йўл қўймаслик;
- ғўза майдонларида 65-70 фоиз кўсак очилганда ва ғўзанинг ҳолатидан келиб чиқиб, дефолиация тадбирини табақалаштирилган ҳолда белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказилиши ҳамда дефолиантларни қўллаш меъёрлари бўйича тавсияларга қатъий риоя этилиш лозим бўлади.
Ҳудудларда ғўза дефолиациясини ўтказишга тайёргарлик ва уни сифатли ўтказиш ишлари Инспекция томонидан доимий назоратга олиб борилади.
“Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси