Ру Ўз O`z En

Зафаробод туманида ғалла парвариши билан боғлиқ тадбирлар талаб даражасидами?

5 Январь 2022 1726

Ғаллачиликдаги куз-қиш мавсумида муҳим агротехник тадбирларидан бири бу - минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш ҳисобланади. Мутахассислар тили билан айтганда, кузги буғдой-кузда, баҳорда ва бошоқлаш даврида етарли миқдорда ўғитлар билан таъминланиши ўсимликнинг яхши туплашига ҳамда ўсиш-ривожланиш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатади.

Чунончи, ғалла майдонларига азотли минерал ўғитлар етарли миқдорда қўлланилса, буғдой бошоқлари бўлиқ бўлади, донлар сони ҳам ортади. Гўнг эса тупроқ унумдорлигини ошириш билан бирга ўсимликни зарур бўлган муҳим микроэлементлар билан тўйинтиришга хизмат қилади.

Шу маънода, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида 2022 йил ҳосили учун жами 10 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, шу кеча-кундузда барака уруғи қадалган майдонларда ғаллани маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва суспензия сепиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу мақсадлар белгиланган талаб бўйича бугунги кунда 1 минг 16 тонна азотли минерал ўғитлар заҳираси жамғарилди, -дейди “Ўзагроинспекция”нинг Зафаробод туман бўлими бошлиғи Нодир Ҳакимов.

Шундан далага чиқарилган ҳамда фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарига етказиб берилган азотли минерал ўғитлар ҳисобига 5 минг 540 гектар (55,4 фоиз) ғаллани озиқлантириш ишлари амалга оширилди.Бундан ташқари, туманда мавжуд 48 та пуркагич ёрдамида фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан жами 823 гектар майдонларда суспензия сепиш ишлари олиб борилган.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ғалладан мўл ҳосил етиштиришда тупроқ унумдорлигини оширишнинг энг муҳим воситаларидан бири органик ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳисобланади. Бу борада туманда 50 минг тонна маҳаллий ўғит жамғариш кўзда тутилиб, шундан ўтган декабрь ойининг сўнггигача 5 минг 20 тонна маҳаллий ўғит жамғарилган.

Бироқ айни чоғга қадар амалга оширилган ишларни тарози палласига қўядиган бўлсак, бу ишлар билан мақтаниб бўлмаслигини англаш қийин эмас. “Ўзагроинспекция”нинг Зафаробод туман бўлими томонидан олиб борилаётган мониторинг таҳлиллари шуни кўрсатмоқда-ки, кластер ва дон корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан маҳаллий ўғитларни жамғариш ишларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.

Мисол учун, шу кунга қадар белгиланган маҳаллий ўғитнинг атиги 10 фоизи далаларга чиқарилган бўлса, шарбат ўралар қазиш ишлари эса 25 фоизга бажарилган холос.

Инспекциянинг туман бўлими ходимлари томонидан ғалла парвариши бўйича кунлик назорат тадбирлари олиб борилиб, ўтказилган назорат тадбирларида 217 та фермер хўжаликлари ва кластернинг 3 минг 514 гектар ғалла майдонларида агротехник тадбирлар сифатсиз ва муддатидан кечиктириб ўтказилганлиги аниқланган.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида фермер хўжаликлари ва кластерларга 217 та огоҳлантириш хатлари, 20 та ёзма кўрсатма берилди ва туман ҳокимлигига тақдимномалар киритилди.

 “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech