Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 март санасидаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги 121-сонли қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятида 2021 йил ҳосили учун 72 минг гектардан ортиқ майдонда ғўза парвариш қилинмоқда.
Барчамизга маълумки, дунё деҳқончилигида ҳар йили етиштириладиган экинларнинг касаллик, зараркунанда ҳамда ҳашаротлар билан зарарланиши кузатилади ва уларга қарши курашиш мақсадида кўплаб маблағлар сарфланади.
Бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида, Республикамизда ҳам ўсимлик зараркунандалари ва ҳашаротларига қарши кураш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирларнинг мақбул муддат ва меъёрларда, сифатли амалга оширилиши "Ўзагроинспекция" томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Хусусан, "Ўзагроинспекци"янинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ғўза майдонларида зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш ишлари бугунги кунда тўлиқ назоратга олинган.
Жумладан, вилоятда зараркунанда ва ҳашаротларга қарши биологик кураш ишларини амалга ошириш мақсадида 37 та биолабораториялар фаолияти ташкил этилган.
Ушбу биолабораториялар томонидан мавсум давомида 426,4 кг трихограмма, 266,3 млн дона бракон ҳамда 360,7 млн дона олтинкўз ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кун ҳолатига 90 фоиз трихограмма, 73 фоиз бракон ва 72 фоиз олтинкўз биомаҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ғўза майдонларига тарқатилган.
Бундан ташқари, вилоятда зарур ҳолларда ғўза зараркунанда ва ҳашаротларига қарши курашиш ишларини олиб бориш учун кимёвий воситалар захирасини яратиш ишлари ҳам Инспекция вилоят бошқармасининг тўлиқ назоратида.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш бўйича биомаҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳамда кимёвий воситалар захирасининг яратилиши, сақланиши ва қўллаш ишлари устидан “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлим инспекторлари томонидан доимий назорат тадбирлари амалга оширилиб, ўтказилган назорат тадбирлари давомида, йўл қўйилган камчиликлар ва қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилиши ва аниқланган хато-камчиликларнинг бартараф этилиши таъминланмоқда.
С.Садиков, Инспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи,
А.Мўминов, Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси катта инспектори