Ру Ўз O`z En

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида сув ресурслардан фойдаланишда 49 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди

26 Октябрь 2020 2266

Маълумки, қишлоқ хўжалигидаги мўл-кўлчилик бажариладиган меҳнат ва агротехник тадбирлар билан бир қаторда оби-ҳаёт деб аталмиш сувнинг салмоғига ҳам боғлиқ.  Бироқ, сувдан хўжасизларча фойдаланиш, исроф қилиш ҳолатларини олдини олиш ҳақида кўп ва хўп гапирилсада юртдошларимиз орасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслардан фойдаланишда оддий истъемол маданиятини унутиб қўяётганлар учрамоқда.

Буни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Зафаробод туман бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган қонунбузилишларда ҳам кўриш мумкин. Биргина туманда жами 49 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган бўлиб, 19 та ҳолат бўйича маъмурий иш қўзғатилган.

- Шундан 30 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий судга юборилиб, 1 та - 2 миллион 453 минг сўмлик молиявий жарима чоралари қўлланилган,-дейди -“Ўзагроиснпекция” нинг Зафаробод туман бўлими катта инспектори Ғофур Бегиев. - Бундан ташқари, қонунбузилиш чораларини бартараф этиш учун сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиларига 74 та ёзма кўрсатма ва огохлантиришлар берилган.

Ўрганишлар натижасига кўра, пахта майдонлари ҳамда 2021 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларини суғоришда кўллатиб суғориш ва сувни коллектор-дренажларга оқизиш ҳамда ғўзани суғориш учун ажратилган сувни бошқа экинларга ва рухсат этилмаган жойлардан шартнома тузмасдан сув олиш сингари камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, “Тўймурод олтин даласи”, “Бекшерхон”, “Шабнам орзуси”, “Лангар тоғи”, “Нурли Нулифар жилоси”  фермер хўжаликлари томонидан жами 0,95 га яқин ер майдони кўллатиб суғорилган бўлса, “Сармон”, “Боғбоши”, “Ёмғир томчиси”, “Тараққиёт тилсими”, “Даламизнинг баракаси” фермер хўжаликлари эса 110 л/сек сувни коллектор-дренаж тармоқларига оқизиб юборган.

Шунингдек, Кожахмет ҳудудидаги “Агро лидер файз” МЧЖ туман сув истеъмолчилари уюшмаси билан шартнома тузмасдан ўзбўларчилик билан бошқа экинларни суғорганлик ҳолати аниқланган. Инспекциянинг туман бўлими томонидан сувдан фойдаланиш қоидаларини бузган ва қонунбузилишларга йўл қўйган фермер хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, материаллар кўриб чиқиш учун туман Маъмурий судига тақдим қилинган.

 

“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

 

Text to speech