Ру Ўз O`z En

Жорий йил ҳосили учун парвариш қилинаётган уруғлик ғўза майдонларида дала апробацияси тадбирини ўтказиш бўйича семинар ташкил қилинди

15 Август 2023 2066

Жорий йилда ўтказилган тендер танловларида ғолиб деб топилган 159 нафар фермер хўжаликларининг 8841 гектар уруғлик майдонларида ғўза парвариши олиб борилиб, вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган серҳосил Меҳнат, Хоразм-150 ва Хоразм-127 каби ғўза навларининг оригинал, элита ва авлодли уруғликларидан уруғлик пахта жамғарилиши режалаштирилган.

Шу мақсадда вилоятнинг Хива туманида жойлашган “Хива элита уруғчилик хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятида жорий йилнинг 10 август куни уруғлик пахта майдонларида апробация кўригини ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув-семинар ўтказилди. Семинарда уруғлик пахта апробациясини ўтказишга масъул бўлган туманлар апрабаторлари, бош апробаторлар ёрдамчилари, олим апробаторлар ҳамда Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимларидаги соҳага масъул бўлган мутахассислар иштирок этишди

Ўқув семинари давомида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи А.Жималязов сўзга чиқиб, 2023 йил уруғлик пахта майдонларида ўтказиладиган дала апробация ишларини сифатли амалга ошириш масалалари хусусида тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг жорий йил 7 августда қабул қилинган  «Уруғлик пахта майдонларида дала апрабация кўригини ўтказиш тўғрисида»ги 146-сонли буйруғида белгилаб берилган вазифалар, хусусан, апробация тадбирини 2023 йил 25 августга қадар тўлиқ якунлаб, умумлаштирилган ҳисоботларни тасдиқланган ҳолда Уруғчиликни ривожлантириш марказининг вилоят бошқармасига тақдим қилинишини таъминлаш топширилди.

         Шунингдек, семинарда Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н.Исмаилов сўзга чиқиб, уруғлик майдонларида дала апробациясини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ўтказилиши назорат қилиб борилишини ва ушбу талабларга риоя қилмаган ёки камчиликларга йўл қўйилган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар қўлланилиши хусусида тўхталди.

         Шунингдек, тадбир иштирокчилари ва апробаторларга ғўза апробацияси тадбирини Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарори  3-иловаси билан тасдиқланган Низом талабларига асосан амалга оширилиши кераклиги тушунтирилди.

Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилда вилоятимизда барча турдаги уруғлик етиштирувчи субъектлар (махсус ЭУХлар, ИТИ лар ва фермер хўжаликлари) томонидан қарийб 9 минг гектар майдонда уруғлик жамғариш мақсадида ғўза парвариши олиб борилди. Ушбу уруғлик майдонларининг 176 гектаридан элита авлодли, 2,3 минг гектаридан 1-авлодли ва 6,6 минг гектаридан эса 2-авлодли уруғлик пахта жамғарилиши белгиланган.

Бугунги кунда Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан барча турдаги уруғлик етиштирувчи субъектларга ва бош апробаторларга қонунчилик талабларига риоя қилиниши юзасидан тегишли тартибда огоҳлантириш хатлари киритилиши таъминланди.

 

Х.Сабиров— Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш шўбаси бошлиғи

Text to speech