Халқмизда “Сара уруғ – мўл ҳосил гарови” деган нақл бор. Тажрибали, миришкор-пахтакорлар таъбири билан айтганда, пахтадан мўл ҳосил олишда аввало ерга қадаладиган уруғлик чигитнинг сифати муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, айни кунларда мамлакатимизда уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг касаллик ва зараркунандаларига қарши дорилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Қашқадарёлик деҳқонлар томонидан 2023 йилда 12 минг 229 тонна сифатли уруғлик пахта ҳосили етиштирилди. Жорий йилда 133 минг 200 гектар майдонга ғўзанинг иқлим шароитига мос, эртапишар Бухора-102, Порлоқ-4, Бухора-10, Равнақ-2 ҳамда с-82-90 навлари экилиши мўлжалланмоқда.
Айни кунларда 2024 йил пахта ҳосили учун асосий уруғлик фондини ҳисобга олган ҳолда 5 минг 873 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ва қишлоқ хўжалик экинлари касаллик ва зараркунандаларига қарши дорилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Косон туманидаги “Бунёдкор” МЧЖга қарашли уруғлик чигит тайёрлаш цехида ҳам ҳосилдорликнинг муҳим омилларидан бири бўлган ушбу тадбирни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун барча зарурий чоралар кўрилган. Цехга хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилгани уруғлик чигит сифати ва ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин ошишида муҳим омил бўлмоқда. Уруғлик чигитларни қадоқлаш учун етарли миқдорда қоп ва ёрлиқлар, кимёвий препаратлар заҳираси яратилган.
Бир кунда 216 тонна тукли, 80 тонна туксиз уруғ сараланяпти. Айни жараёнларни доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Масъул мутасаддиларга қонунбузилишларга йўл қўймаслик юзасидан профилактик тушунтиришлар ҳамда кўрсатма ва огоҳлантиришлар берилди.
Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида, ғўзани касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда уруғлик чигитни дорилашнинг аҳамияти ва уни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар берилмоқда.
Албатта, белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши жорий йилда вилоят миришкорлари томонидан пахтадан юқори ҳосил олинишига замин яратади.
Х. Эсанов, “Ўзагроинспекция” Қашқадарё вилоят бошқармаси