Сўнгги йилларда республикада ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда қайта муомалага киритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, жумладан, ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учраётганлиги бу борада назорат тадбирларини кучайтиришни тақозо этмоқда.
Хусусан, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси томонидан назорат тадбирлари ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Ғиждувон тумани ҳокиминг 2019-йил 28-январидаги 477-сонли қарорига асосан С.Айний массивидаги “Шаҳзоджон Шахинабону даласи” фермер хўжалигига жами 53,5 гектар шундан, 33,6 гектар суғориладиган экин ери, 5,0 гектар боғ, 2,0 гектар узум ҳамда 12,9 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари 49 йил ижарага ажратиб берилган.
Бироқ, “Шаҳзоджон Шахинабону даласи” фермер хўжалиги раиси А.р. томонидан фермер хўжалиги ҳисобида бўлган 220-239-контурларида ноқонуний равишда тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан 0,24 гектар ер майдонининг ҳолати бузилиб, янгидан йўл чиқариш ишлари амалга оширилган.
Бунинг натижасида, ижарага ажратилган 0,24 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиб, йўл чиқарилганлиги сабабли пахта экилмай қолдирилган.
Ҳукуматнинг 2011-йил 25-майдаги 146-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалик муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомида ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар миқдори ҳисобланганда 209 млн 046 минг 702 сўмни ташкил этади.
Юқоридагиларга асосан, “Шаҳзоджон Шахинабону даласи” фермер хўжалиги раҳбари ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарганлиги сабабли фермер хўжалиги мансабдор шахсининг ҳаракатлари ҳамда юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва етказилган зарар миқдорини ундириб, ер қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
С.Жураев, Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош мутахассиси.