Айни кунларда қишлоқ хўжалиги корхоналари тасарруфидаги мавжуд техника воситаларининг баҳорги экиш мавсумига қай даражада шайлиги Қорақалпоғистон Республикаси Агроинспекциясининг АМУДАРЁ туман бўлими ходимлари томонидан махсус кўрикдан ўтказилмоқда.
Тумандаги фермер хўжаликлари ихтиёридаги қишлоқ хўжалик техникаларига хизмат кўрсатувчи муқобил машина-трактор паркларида амалга оширилаётган тиклаш-таъмирлаш жараёни Агроинспекциянинг туман бўлими ходимлари томонидан қатъий назоратга олинган бўлиб, ишнинг сифатли бажарилишига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Жорий 2024-йил баҳорги экиш мавсумида қатнашадиган техникаларни таъмирлаш ишларига масъул бўлган жойлардаги 18 та муқобил машина-трактор паркларидаги барча қишлоқ хўжалик техникалари ва уларнинг тиркамаларининг экишга тайёрлик ҳолати Агроинспекция мутахассислари томонидан синчиклаб кўздан кечирилди. Ўрганишлар жараёнида мазкур машина-трактор паркларига таъмирлаш учун келтирилган 150 дона сеялка, 325 та культиватор, 1700 та тишли борона, 293 та молани таъмирлаш ишлари якунлангани ва экиш ишларига шай қилиб қўйилгани аниқланди.
Деҳқоннинг асосий иш қуроли бўлган техника воситаларининг созлиги, албатта, бошланаётган янги деҳқончилик йилининг муваффақиятли ўтиши учун мустаҳкам замин ҳисобланади. Шу боис, амударёлик фермерларнинг далаларида экиш ишларида қатнашадиган техникаларнинг мавсумга сифатли тайёрланганлиги алоҳида эътироф этилиб, техник кўрикдан ўтказилганлиги ҳақида сертификатлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг АМУДАРЁ туман бўлими ходимлари Туркманистон муқобил машина-трактор паркида бўлишиб, мазкур корхонага келтирилган пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик техникаларининг техник созлик ҳолатини кўрикдан ўтказдилар.
Мазкур муқобил машина-трактор паркларида йиғилиб, таъмирланган 7та чигит экиш сеялкаси, 19 та культиватор, 108 дона тишли борона, 19 та темир мола экиш мавсумига соз ҳолатга келтирилиб, экиш ишларига 100 фоиз тайёрлиги бўйича 27 нафар механизаторларга сертификатлар берилди.
Шунингдек, Агроинспекциянинг АМУДАРЁ туман бўлими бошлиғи Сарвар Матёқубов раҳбарлигидаги мутахассислар Оқ олтин муқобил машина-трактор паркида ҳам бўлишиб, бу ерга йиғилган техника воситаларининг 2024 йил экиш мавсумига тайёрлиги ҳолати билан танишдилар.
Ушбу муқобил машина-трактор паркларида 9дона чигит экиш сеялкаси, 15та культиватор агрегати, 130 дона тишли борона, 14 та темир мола сифатли таъмирланган ва экиш мавсумига соз ҳолатга келтирилган. Агроинспекциянинг туман бўлими мутахассислари хулосасига кўра, мазкур муқобил машина-трактор парклари томонидан хизмат кўрсатилаётган фермер хўжаликларининг механизаторларига техника воситаларининг техник кўрикдан ўтказилганлиги ҳақида сертификатлар топширилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларнинг асосий қисмини техникалар бажаради. Шу туфайли баҳорги дала ишларининг ўз вақтида ва қулай муддатларда ўтказилишини таъминлаш эса техника воситаларининг сифатли таъмирланишига боғлиқ. Бу борада Агроинспекциянинг туман бўлими мутахассислари таъмирлаш жараёни қатъий назорат асосида олиб борилишига ҳамиша масъулдирлар.