Ру Ўз O`z En

Уруғлик ғалла майдонларида апробация кўргини ўтказиш юзасидан ўқув – амалий семинари бўлиб ўтди

12 Май 2023 2345

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан 250 нафардан зиёд соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Семинарда уруғлик дон етиштириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Ўқув-амалий семинар иштирокчилари дастлаб Олтинкўл туманидаги “Андижондонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги уруғлик цехи фаолияти, мавсумга тайёргарлик борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шундан сўнг Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти тажриба майдонларида синовдан ўтказилаётган кузги юмшоқ буғдойнинг хорижий ва маҳаллий навларини экологик нав синови, бирламчи уруғчилик тизими ҳамда тажриба майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш лойиҳаси билан танишди.

- Уруғлик дон етиштириш қишлоқ хўжалиги ривожи, умуман, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади, - дейди Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори Р. Сиддиқов. - Шу маънода ўтказилган илмий-амалий семинар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга, янада юқори босқичга кўтаришга, илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштиришга ёрдам беради.

Анжуманда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг масъул раҳбар ва мутахассислари билан бир қаторда Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши назорат қилиш бошқармаси" бошлиғи М. Қурбонбоев, бош мутахассис Ш.Хайитов ҳамда "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази" ДУК директори Ж. Каримовлар ҳам иштирок этиб, тадбир қатнашчиларининг “Бошоқли дон экинлари уруғлик майдонларини апробациядан ўтказиш тартиби”, “Республикада экилаётган бошоқли дон экинлари навлари ва уларни ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб жойлаштириш”, “Янги яратилаётган ва истиқболли ғалла навларини Давлат нав синаш участкаларига топшириш ва синовдан ўтказиш” каби мавзуларга оид маърузалари тингланди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар, шунингдек, мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Мавзу бўйича иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассис ва мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.

"Ўзагроинспекция"нинг Андижон вилоят бошқармаси

Text to speech