Ру Ўз O`z En

Ғўза майдонларидаги агротехник тадбирлар сифатли ўтказилмоқдами?

13 Июнь 2024 1543

Бугунги кунда ғўза агротехникасида барча тадбирлар, жумладан қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, азотли ўғитлар билан озиқлантириш, суспензия сепиш, ғўза зараркунандалари ва ҳашаротларга қарши кураш ишлари тизим асосида ташкил этилмоқда.

Жорий йилда Самарқанд вилоят ҳудудларида 2024-йил ҳосили учун 73 минг 246 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда.

Албатта, ушбу агротехник тадбирларни сифатли ва ўз вақтида ўтказилаётганлиги натижасида  бугунги кунда ғўза майдонларининг 21 минг 779 гектари 5-6 чинбарг ҳамда 51 минг 467 гектари шоналаш фазасида ривожланаётганлиги маълум бўлди.

 Шунингдек, ғўза майдонларини азотли минерал ўғитлар билан биринчи озиқлантириш (200 кг/га) бугунги кунда барча ҳудудларда тўлиқ якунланди.

 Шу билан бирга, ғўза қатор орасига 3,1 маротаба ишлов берилди. 1 минг 496 дона культиваторлар культивация ишларида қатнашмоқда, ҳар бир культиватор билан  ўртача 3,4 гектар майдонда культивация ишлари бажарилмоқда.

Вилоят туманлари ғўза майдонларида 1-суғориш, чопиқ қилиш ишлари ҳамда чуқур юмшатгичлар билан 133 минг 231 гектари ғўзани баргидан озиқлантириш ишлари амалга оширилди.

 Юқорида кўрсатилган агротехник тадбирларни амалга ошириш учун 20 минг 972 нафар ишчилар жалб этилди.

 Жами 46 726 гектар ғўза майдонларида мониторинг тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирлар давомида мингдан ортиқ фермер хўжалигининг 3 минг 504 гектар ғўза майдонларида культивация ишларининг сифатсиз ва кеч ўтказилганлиги, минерал ўғитлар билан сифатсиз озиқлантирилганлиги, чопиқ ишларининг муддатида бажарилмаганлиги ва майдонлар бегона ўтдан тозаланмаганлиги сингари бир қатор хато-камчиликлар аниқланди.

Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб туман инспекторлари томонидан 742 та огоҳлантириш, 20 та ёзма кўрсатма ва 11 та тақдимномалар киритилган.

Ш. Бутунов, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош мутахассиси

Text to speech