Ру Ўз O`z En

2024-йил ҳосили учун 1 млн гектар майдонларда ғўза навлари экиш режалаштирилган 

9 Февраль 2024 971

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзагроинспекция" ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева маълум қилди.

Хусусан, баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалик техникаларини мавсумга тайёргарлик ишлари устидан назорат ўрнатилиб, таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этилиши бўйича жойларда тегишли амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Республика бўйича бу йилги баҳорги дала ишларида жами 136 минг донадан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникалари қатнашиши режалаштирилган.

Мавсумда қатнашадиган техникаларнинг қарийб 57 минг донадан ортиғи ёки 42 фоизини сўнгги 5 йилда харид қилинган замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникалари ташкил этади.

Ҳудудларда техникаларни марказлашган ҳолда таъмирлаш ишлари ташкил этилиб, бундан масканлар учун зарур бўладиган моддий-техника таъминоти, жумладан: темирчилик цехи, пайвандлаш аппарати, станок ва бошқалар билан таъминланди.

Таъмирлаш ишларига жалб этилган ишчи-хизматчилар учун иссиқ-овқат ва бошқа шарт-шароитлар етарлича ташкил этилганлиги натижасида, бу йил мавсумда қатнашадиган техникалар таъмири ўтган йилга нисбатан 15-20 кун эртароқ  якунига етказилди. Инспекция томонидан мавсумда фақатгина соз ҳолатдаги техникаларни қатнашиши назоратга олинмоқда.

Ғалла парвариши бўйича, бугунги кунда Республика ҳудудларида  2024 йил ҳосили учун 1 млн. 169 минг 775 гектар сувли майдонларда бошоқли дон экинлари парвариш қилинаётган бўлиб, ушбу майдонларнинг 1 млн. 131 минг гектари ёки 93 фоизи туплаш, ҳамда 38 минг гектари ёки 6 фоизи 3-4 барг фазасида ривожланмоқда.

Ғалла майдонларида бугунгача қарийиб 2 марта суғориш ишлари амалга оширилди.

Ҳудудлардаги ғаллани қишловга туплаган ҳолда киришини таъминлаш мақсадида куз ойларида ғалла майдонлари гектарига (физик ҳолда) 100-150 кг.дан азотли минерал ўғитлар билан озиқлантирилди ва бугунги кунда ҳудудларда ғаллани азотли ўғитлар билан баҳорги 1-озиқлантириш ишлари бошлаб юборилди.

Республикада ҳозиргача 81 минг гектар ёки 7 фоиз ғалла майдонларида озиқлантириш ишлари амалга оширилди. 

Бугунги кунда, ғалла майдонларига гектарига 3 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш белгиланган бўлиб, бугунги кунгача жойларда февраль ойи учун 413 минг 660 тонна ёки 12 фоиз маҳаллий ўғит ғалла майдонларига чиқарилди.

Соҳа мутахассислари томонидан, мавсум давомида жойларда ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарилиши юзасидан 108 та профилактик тадбирлари, 189 та текширишлар амалга оширилди.

Ушбу тадбирлар давомида 228 та камчиликлар аниқланиб, камчиликларни бартараф қилиш бўйича, 73 та огоҳлантириш, 145 та ёзма кўрсатмалар, 61 та тақдимномалар берилди.

Жорий йил пахта ҳосили учун уруғлик чигитни экишга тайёрлаш юзасидан ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, айни кунларда мамлакатимизда уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг касаллик ва зараркунандаларига қарши дорилаш ишлари қизғин паллага кирган. Мазкур тадбирларни давлат стандарти талаблари асосида ўз муддатларида бажарилиши жойлардаги Агроинспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Хусусан, Республика бўйича жами 2024 йил ҳосили учун 1 млн гектар майдонларда ғўза навлари экиш режалаштирилган бўлиб, экиш учун 50 минг тонна уруғлик чигит талаб этилади.

Ғўза навларининг иқлим шароитига мос 22 та эртапишар, 3 та ўртапишар, 4 та ингичка толали ҳамда 24 истиқболли ва янги навларни экиш режалаштирилган.

Шунингдек, Республика бўйича мавжуд 46 та уруғлик чигит тайёрлаш цехлари тўлиқ ишлаши учун барча зарурий чоралар кўрилган.

Уруғлик чигитларни қадоқлаш учун етарли миқдорда қоп ва ёрлиқлар, кимёвий препаратлар захираси яратилган.

Мавсум бошидан режага нисбатан 45,5 минг тонна ёки 81,3 фоиз уруғлик чигит тозаланиб, сараланган ва бу ишлар давом эттирилмоқда.

Қолаверса, мавсум давомида ҳудудий бошқарма ва туман бўлими ходимлари томонидан 188 та назорат тадбирлари олиб борилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан огоҳлантиришлар берилиши таъминланган. 

Text to speech