Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддасига асосан ишлаб чиқарувчи истеъмолчига ўзи реализатсия қилаётган товарлар ҳақида техник жиҳатдан тартибга солиниши мажбурий бўлган товар бўйича истеъмолчига унинг техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тўғрисида тегишли маълумотлар тақдим этилиши кераклиги белгиланган.
Ҳукуматнинг 2021-йил 30-январидаги 43-сонли қарорига асосан пахта толаси - техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулот ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва ҳукуматнинг тегишли қарорларига асосан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластери доирасида ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилаётган пахта толасини сертификатлаш ихтиёрий равишда амалга оширилиши, ўз эҳтиёжларидан ортиқча ишлаб чиқарилган пахта толаси мажбурий сертификатланиши белгиланган.
Пахта толасини сертификатлаштириш белгиланган талабларга мувофиқ аккредитациядан ўтган сертификатлаш идоралари томонидан амалга оширилади.
Соҳага доир қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларни бузганлик учун юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан молиявий ва маъмурий жарима кўринишидаги таъсир чоралари белгиланган.
Бугунги кунда, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерларида ўз эҳтиёжларидан ташқари ишлаб чиқариладиган пахта толасини мажбурий сертификатлаштирилиши ўрганилмоқда ва ишлаб чиқариш корхоналарига белгиланган тартибда огоҳлантиришлар ва ёзма кўрсатмалар берилмоқда.
“Ўзагроинспексия”нинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан пахта тўқимачилик кластерларида пахта толасини сертификатлаштириш ҳолати ўрганилиб, огоҳлантириш ва ёзма кўрсатмалар берилганига қарамай ҳуқуқбузарликни давом эттирган 4 та (“О.М.Г”, “С.Т.К”, “А” ва “в.С.Ф” МЧЖлар) пахта тўқимачилик кластер корхоналарининг жавобгар шахсларига нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси”нинг 214-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўришлик учун судларга юборилган.
Шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти томонидан “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 46-моддасига асосан белгиланган тартибда огоҳлантириш берилгандан кейин ҳам техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликни давом эттирганлик ёки бартараф этмаганлик учун Андижон вилояти Жалақудуқ туманида фаолият кўрсатаётган “А” МЧЖ пахта тўқимачилик кластер корхонасига нисбатан 10 млрд. сўм миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар суд органи томонидан қўлланилган.
Бундан ташқари, пахта толаси уни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдолари орқали реализация қилиниши белгилаб қўйилганлиги ва товарнинг қонун ҳужжатларида белгиланган сифат талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар товар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ мажбурий сертификатсияланиши керак бўлса, мувофиқлик сертификати ва бошқа ҳужжатлар) ички бозор ёки валюта майдончасида шартнома очишда листинг ўтказиш учун асос ҳисобланиши кўрсатилганлиги эслатиб ўтилади.
Пахта толасини мажбурий сертификатланиши юзасидан назорат тадбирлари давом этмоқда.
Инспекциянинг Пахта хом-ашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси