Ру Ўз O`z En

Ноқонуний қурилишлар ортидан Қишлоқ хўжалиги ерларига етказилган зарарлар аниқланмоқда

8 Август 2024 1131

"Ўзагроинспекция"нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши натижасида фойдаланишдан чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар устидан доимий тарзда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Назорат тадбирлари давомида қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Биргина жорий йилнинг ўтган июль ойида Чироқчи туманида 3 нафар фуқаролар томонидан туман захира ер фондидаги жами 0,23 гектар суғориладиган ер майдонларига рухсатсиз ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилишлар қилганлиги аниқланди.Мазкур ҳолатда етказилган зарар миқдори 70 186 448 (етмиш миллион бир юз саксон олти минг тўрт  юз қирқ саккиз) сўмни ташкил қилди.

Юқорида аниқланган ерга оид қонунбузарликнинг олдини олиш ҳамда етказилган зарар миқдорини ундириш бўйича белгиланган тартибда Чироқчи тумани прокуратурасига белгиланган тартибда маълумотлар тақдим этилди.

Худди шундай ҳолат, Кўкдала тумани, Чиял ҳудудида Деҳқон хўжалиги ташкил этиш мақсадида ажратилган қишлоқ хўжалиги харитасининг 3қ-контуридан 2 нафар фуқаролар томонидан 48,6 балл бонитетли жами 0,032 гектар суғориладиган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгалланиб, ноқонуний қурилиш бўлганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатда етказилган зарар миқдори ҳисоблаб чиқилганда 16 165 785 (ўн олти миллион бир юз олтмиш беш минг етти юз саксон беш) сўмни ташкил қилди.

Юқорида аниқланган ерга оид қонунбузарликнинг олдини олиш ҳамда етказилган зарар миқдорини ундириш бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ер турларини, айниқса суғориладиган ер майдонларини сақлаш, ноқонуний эгаллаб олмаслик ва ўзбошимчалик билан қурилишлар қилмаслик бўйича маҳаллаларда кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти юзасидан вилоятдаги 14 та туманларда фаолият кўрсатиб келаётган жами 16 283 та қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг 2 745 нафарига тушунтиришлар берилди. Тарғибот тадбирларида ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини таъминлаш, асосий экинларнинг ривожланишига салбий таъсири бўлмаган ҳолларда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига даромад келтириши мумкин бўлган мақбул экинлар экилишини таъминлаш тўғрисида мажбурият белгиланганлиги юзасидан қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар ва ижарачиларга огоҳлантириш хатлари тарқатилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ижарага берилган ер майдонларидан оқилона фойдаланмаган -6 та (Ғузор, Қамаши, Қарши, Китоб, Нишон ва Яккабоғ) туманларидаги 24 нафар ер эгаларининг 772,45 гектар ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиши бўйича Иқтисодий судга даъво аризалари чиқарилиши тўғрисида тақдимномалар киритилди.

Бундан ташқари, вилоятнинг 6 та (Деҳқонобод, Қамаши, Косон, Китоб, Кўкдала ва Яккабоғ) туманларидаги 8 та ҳолатда 34,99 гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан хўжасизларча фойдаланганлиги боис, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65 ва 68-моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ер эгаларига нисбатан жами 40 млн 800 минг сўм жарима қўллаш бўйича маъмурий қарорлар қабул қилинди.

Р.Боймуродов Инспекциянинг Қашқадарё вилоят бошқармаси бўлими бошлиғи

Text to speech