Ру Ўз O`z En

"Ўзагроинспекция" ходимлари томонидан ёрдамга муҳтож аҳоли томорқаси учун кўмак берилмоқда

24 Июнь 2024 1028

Мамлакатимизда томорқа хўжаликлари, айниқса қишлоқ жойларда, кўпчилик оилаларнинг асосий даромад манбаси ҳисобланади. Томорқадан самарали фойдаланиш орқали оилалар нафақат ўзларини, балки маҳаллий бозорларни ҳам турли хил сабзавот ва мевалар билан таъминлаш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Президентнинг 2024 йил 5 мартдаги қарорига биноан, аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва томорқа хўжаликларида янги заҳираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар кўзда тутилган. Бу каби чора-тадбирлар, томорқа хўжаликларининг самарадорлигини ошириш ва уларни замонавий технологиялар билан жиҳозлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Янгидан жорий қилинаётган Сайҳунобод тажрибаси эса томорқа хўжалиги орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳсулотларни қайта ишлаш, маҳаллий бозорларга чиқариш ва экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга имкон яратади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва аҳолининг турмуш даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Мана шундай эзгу мақсадда, “Ўзагроинспекциянинг Шаҳрисабз туман бўлими ходимлари томонидан ўз ташаббуси билан иш жойига яқин ҳудуддаги хонадонлар шарт-шароити ўрганилди.

Биғми” маҳалла фуқаролар йиғини Бешкапа қишлоғида яшовчи ёш оила А. Бекмуродовни муқим иш даромади бўлмаганлиги аммо, боғдорчиликдан хабари борлигини билган туман инспекция ходимлари, унга яшаш хонадонида парваришлаш учун 25 туп лимон кўчати етказиб беришди.

Шунингдек, ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш мақсадида А. Бекмуродов томонидан иссиқхона ташкил қилиниб, қўшимча помидор ва бодринг кўчатлари ўтказилди.

Айни кунларда 5 сотих майдонда боғдорчилик ва кўчатчиликни бошлаган Асадбек ўзи билан бирга оила аъзоларини ҳам доимий иш билан таъминлади.

Бундан ташқари, шу маҳалланинг яна бир ишсиз фуқароси И. Бектошев га 10 қути асалари уяси билан олиб берилди.

-Албатта бундай саховат қилиш учун инсон албатта бой бўлиши шарт эмас, деб ўйлайман, меҳнатга иштиёқи бор инсонга озгина туртки бериш, унга йўл юриқ кўрсатиб, бироз қўллаб қувватлашнинг ўзи ҳам катта кўмак,-дейди,- "Ўзагроинспекция"нинг Шаҳрисабз туман бўлими бошлиғи Ж.Туркманов - Эндиликда ушбу фуқаролар томорқадан унумли фойдаланишмоқда.

Оилалар ўзларининг томорқаларидан оладиган даромадлари эвазига фаровон ҳаёт кечиради, фарзандларининг таълим олиши, ўз саломатликларини сақлаш, яшаш шароитларини яхшилаш имкониятига эга бўлдилар.

Ўзагроинспекциянинг” Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Text to speech