Ҳукуматнинг 2023-йил 11-декабрдаги 653-сонли қарорига биноан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциянинг низомига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, бунга кўра Инспекция “мулкчилик шаклидан қатъи назар, қайта ишловчи корхоналар томонидан техник чигитни тўлиқ технологик циклда (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш) мақсадли қайта ишланганлиги ва маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулосанинг мавжудлиги ҳамда техник регламент ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлиги таъминланганлиги устидан” назорат юритиши белгилаб берилган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзагроинспекция”нинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан вилоятда фаолият олиб бораётган ёғ-мой корхоналари тегишли меъёрий-ҳужжатларга асосан пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаётганлиги ҳамда маҳсулотларнинг сифатини тасдиқловчи гигиеник хулосага эга эканлиги ҳамда 2021-йил 2-июнидаги ПФ-6240-сонли Фармони 3-банди иккинчи хатбошисига асосан қайта ишлаб олинган маҳсулотларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлиги ўрганилди.
Хусусан, вилоятда фаолият юритаётган “К. С.” МЧЖ ва “Х. О. Ф. С.” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан пахта техник чигити маҳсулотлари қонунчилик талабларига риоя қилинмасдан сотиб олиниб, техник чигит маҳсулотлари қайта ишламасдан Президентнинг 2022-йил 24-ноябридаги ПҚ-430-сон қарорининг тегишли қисми талабларини қўпол равишда бузиб, тўғридан-тўғри сотилганлиги аниқланди.
Ўрганиш давомида мазкур корхоналарда бир қатор қонунбузарликлар аниқланиб, белгиланган тартибда қонуний қарор қабул қилиш учун тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармасига юборилди.
Соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиниши Инспекциянинг вилоят бошқармаси ходимлар томонидан мунтазам назоратга олинган, аниқланган ҳолатлар юзасидан қонуний чоралар кўрилиши таъминланмоқда.
Ш.Артиков, “Ўзагроинспекция”нинг Хоразм вилоят бошқармаси шўъба бошлиғи