“Ўзагроинспексия” томонидан 2025 йил ғалла ўримида қатнашадиган дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш ишлари устидан доимий назорат ўрнатилган.
Жорий йилги мавсумда республика бўйича жами 2 914 дона дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш режалаштирилган.
Ушбу комбайнларнинг 1 033 донаси “Кейс” ва “Ню Холланд”, 1 570 донаси “Класс”, 247 донаси “Вектор" ва 64 донасини бошқа русумли комбайнлар ташкил этади.
Бу йилдан комбайнларни мавсумга тайёрлашнинг янги тизим жорий этилиб, бунда аввало ҳудудларда комбайнларни марказлашган ҳолда сифатли таъмирини ташкил этиш мақсадида 258 та дислокация манзиллари аниқлаб олинди.
Ушбу масканларда таъмирлаш учун моддий-техника таъминоти (темирчилик цехи, пайвандлаш аппарати, станоклар ва бошқалар) билан таъминланди, шунингдек, таъмирлаш ишларига жалб этилган ишчи-хизматчилар учун иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароитлар ташкил этилди.
Таъмирлаш масканларига киритилган 2 914 дона комбайнлар сервис корхоналари мутахассислари иштирокида бирма-бир кўздан кечирилиб, талаб қилинадиган эҳтиёт қисмлари бўйича ҳар бир комбайнга алоҳида дефект актлари тузилди ва ушбу дефект актлари асосида таъмирлаш ишларига киришилди.
Ишларини тизимли ташкил этилиши натижасида, бугунги кун ҳолатида 2 623 дона ёки 90 фоиз комбайнларни таъмирлаш ишлари якунланди.
Жумладан, комбайнларни таъмирлаш ишлари Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида тўлиқ, 100 фоиз, Наманган, Андижон ва Бухоро вилоятларида 90 фоиз якунланган.
Қолган ҳудудларда ҳам таъмирлаш ишларини қисқа муддатларда якунлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Таъмирдан чиқарилган комбайнлар белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказилиши, шунингдек, ҳудудий комиссиялар томонидан 10-15 км масофага юргизиб, уларнинг ишчи органлари ишлатиб кўрилиб мавсумда ишлашга қабул қилиниши ташкил этилади.
Анваржон МИРЗААХМЕДОВ,
Техника ҳолатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи