Соҳага доир тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига асосан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластери доирасида ўз эҳтиёжларидан ортиқча ишлаб чиқарилган пахта толаси сифатини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ тасдиқланиши мажбурий этиб белгиланган.
Пахта толасининг сертификатлаш тартиби ҳукуматнинг 2018-йил 12-февралдаги 106-сонли қарори билан тасдиқланган “Пахта толасини сертификатлаш ва оғирлигини тортиб кўриш тўғрисида”ги Низом билан белгиланган.
Унга кўра сертификатлашга тақдим этилаётган пахта толаси тўдасининг ҳар бир тойидан давлат стандартига асосан намуналар олинади. Намуналарни “Пахта толаси” Техникавий шартлар” давлат стандартига мувофиқ HVI усули ва кластер усули ёрдамида аккредитацияланган синов лабораториясида амалга оширилади.
Синашлар натижасида пахта толасининг юқори ўртача узунлиги (типи), нави ва класси, микронейр кўрсаткичи, солиштирма узилиши кучи ва узунлиги бўйича бир хиллик индекси, шунингдек, пахта толаси намуналаридаги сифат нуқсонлари (чигит, линт, ёғ, ҳид ва шу кабилар) ва бошқа аралашмалар мавжудлиги аниқланади.
Пахта толаси давлат стандартининг талабларга жавоб бериши аниқланганда пахта толаси тўдасига учун мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади. Сертификат рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб кучга киради. Сертификатнинг амал қилиш муддати пахта толасини ташиш ва сақлаш шартларига риоя қилинганда 6 ойни ташкил этади.
Мазкур стандарт талабларига жавоб бермайдиган ҳар бир пахта толаси тўдасига тасдиқланган шакл бўйича инспекция далолатномаси расмийлаштирилади.
Пахта толасини сертификатлаш ва тойлар оғирлигини тортиш, толани республиканинг пахта толасини қайта ишловчи корхоналарига етказиб беришда, аккредитациядан ўтган сертификатлаш идоралари томонидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари буюртманомаларига мувофиқ амалга оширилади.
Пахта толасини реализация қилишда мажбурий сертификатлаш қоидаларига риоя этилиши «Ўзагроинспекция” томонидан назорат қилиб борилмоқда. Хусусан жорий йилнинг январь-февраль ойларида республикамизнинг барча пахта тўқимачилик кластерларига ўз эҳтиёжидан ортиқча ишлаб чиқарилаётган пахта толасини мажбурий сертификатлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талаблар, мазкур талабларни бажарилмаслиги оқибатида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунтириш бўйича огоҳномалар киритилиб, профилактик тадбирлар ўтказилди. "Toshbuloq tekst" ва “Namangan to‘qimachi” МЧЖ, Андижон вилоятининг “Fayz-M” ва “Alyorteks” МЧЖ ларида пахта толасини мажбурий сертификатланиши ўрганилди.
Ўрганишларда “Алёртекс” МЧЖ томонидан 2023-йил ҳосилидан ўз эҳтиёжларидан қайта ишланган жами 2 820 тонна пахта толасининг фақат 47,41 тоннаси мажбурий сертификатланганлиги маълум бўлди ва корхонага нисбатан маъмурий таъсир чораси қўлланилди. Назорат тадбирлари давом этмоқда.
Ш. Мамадалиева, Инспекциянинг меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бош мутахассиси