Ру Ўз O`z En

НАВОИЙ: САРА УРУҒЛИК ДОН ЕТИШТИРИЛИШИ НАЗОРАТДА

15 Июнь 2023 2949

Юртимиз бўйлаб далаларда пишиб етилган донни ўриб-йиғиб олиш ишлари қизғин паллага кирмоқда. Мавсум олдидан "Ўзагроинспекция"нинг Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан уруғлик ғалла майдонларида сара уруғ жамғариш мақсадида дала апробация кўриклари ўтказилди.

Маълумот учун, вилоятда бугунги кунда 87 та ғалла етиштирувчи хўжаликларнинг 2 минг 760 гектар майдонида келгуси йил ҳосили учун уруғлик ғалла экилиб, парвариш қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг "Уруғчилик тўғрисида"ги Қонуни ҳамда қонуности ҳужжатлари асосида уруғлик ғалла майдонларини ажралиши қийин бўлган маданий ва бегона ўтлардан ва бегона нав аралашмаларидан тозаланиши, талабга жавоб бермайдиган майдонларнинг яроқсизга чиқарилиши Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва бўлимлари томонидан назоратга олинган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг уруғлик дон олиш учун экилган дала майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш тўғрисида 2023 йил 20 апрелдаги 75-сонли буйруқ ва вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг 2023 йил 25 апрелдаги И-21-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида, вилоятда апробация ишчи гуруҳи тузилди.

Бу борада ҳам хўжаликлар томонидан етиштирилган уруғлик ғалла майдонларида апробация кўригини шаффофлик тартибда ўтказилиши юзасидан барча туман апробаторлари расман огоҳлантирилди.

Жумладан, вилоятда уруғлик ғаллачилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган хўжаликларга амалий ёрдам бериш мақсадида, жойларга бориб, «Уруғчилик тўғрисида» ги Қонуни, Ҳукуматнинг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарори ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш юзасидан семинарлар ташкил этилиб, профилактика тадбирлари ўтказилди. Натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қонунбузилиши ҳолатлари камайди.

Апробация кўригини ўтказишдан мақсад, қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик жиҳатидан тозалиги, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлиги, касалликларга чалинган-чалинмаганлиги ҳамда экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлашдан иборат. Шу боис мазкур жараёнга жиддий ёндашилиб, апробацияни сифатли ва самарали ўтказишга эътибор қаратилди.

Апробация кўриги давомида уруғлик дон эккан 87 нафар хўжалик раҳбарларига огоҳлантириш хатлари берилди.

Ўтказилган апробация якуний натижасига кўра, жами 78 та хўжаликларнинг 2278 гектар ер майдони яроқли деб топилиб, натижада 8 800 тонна сара уруғлик дон қабул қилиниши режалаштирилди.

Ушбу яроқли деб топилган майдонлар туманлар кесимида таҳлил қилганда, Кармана туманида 463 гектар, Қизилтепада 543 гектар, Навбаҳорда 426 гектар ва Хатирчи туманида эса бу кўрсаткич 846 гектарни ташкил этади.

Шунингдек, 18 та хўжаликларнинг 210 гектар уруғлик ғалла учун эккан майдонлари агротехник тадбирларни ҳамда бегона нав ва ёввойи ўтлардан тозалаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажармаганлиги оқибатида яроқсиз деб топилди.

А.Мирзоев, "Ўзагроинспекция" Навоий вилоят бошқармасининг шўба бошлиғи 

Text to speech