Ру Ўз O`z En

Самарқанд: 2024 йил ҳосили учун чигит экиш ишларига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда

27 Март 2024 1692

Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот етиштириш уруғликка боғлиқ. Сифатли уруғлик етказиб бериш замирида уруғларни етиштириш, қайта ишлаш ҳамда навдорлик ва экинбоплик сифат кўрсаткичларини назорат қилиш соҳа ходимларидан жиддий масъулиятни талаб қилади.

2023-йил ҳосилидан Самарқанд вилоятида жамғарилган уруғлик пахта хом-ашёсини қайта ишлаш натижасида 4 минг 954 тонна уруғлик чигитни тозалаш ҳамда 3 минг 863 тоннасини туксизлантириш ва дорилаш ишлари якунланган.

Вилоятда экилиши белгиланган уруғлик чигитлар туксизлантирилган ҳолда тайёрланиши ҳамда нав тозалиги супер элита ва элита авлодли уруғлик чигитда 100%, биринчи авлодда 99%, иккинчи авлодда 98%, учинчи авлодда эса 96% дан кам бўлмаслиги, шунингдек, унувчанлик, ифлослик, намлик, механик шикастланганлик ва қолдиқ тола каби сифат кўрсаткичлари давлат стандарти меъёрларига мос бўлиши талаб этилади.

Қабул қилинган уруғлик пахта хом-ашёси ғарамларда камида икки ой тиним даврида сифатли сақланиб, пахта хом-ашёсидаги чигитлар тўлиқ физиологик етилганидан сўнг, қайта ишлашга бериш ва ишлаб чиқаришдан олинган уруғлик чигитни уруғлик тайёрлашга ихтисослашган корхоналарга ташиш, дорилаш, сақлаш ва фермер хўжаликларга етказиб берилишини ташкил этиш босқичма-босқич амалга ошиш давом этмоқда.

Шу боисдан уруғлик чигит тайёрлаш учун мавжуд пахта кластерларига тегишли пахта тозалаш корхоналарида “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДМ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ҳудудий бўлимлари билан биргаликда уруғлик пахтани тозалаш ҳамда мавжуд иккита уруғлик чигит дорилаш цехларининг ишлаши кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.

Айниқса, Республика бўйлаб об-ҳавонинг кескин совиб кетиши уруғлик чигит тайёрлаш цехларининг омборхоналарида иситиш чораларининг кўрилганлиги, дорилаш жараёнларида намликнинг белгиланган меъёрида бўлиши ҳамда уруғлик чигитнинг унувчанлигини йўқотмаслик юзасидан барча зарурий чоралар кўрилиши эътибордан четда қолдирилмади.

-Ҳозирги кунда вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғлик тайёрлаш цехларида жами 4 минг 954 тонна уруғлик пахта тозаланиб, сараланиб, 3 минг 733 тоннаси туксизлантирилиб, дорилаш ишлари амалга оширилиб, бугунги кунда ушбу уруғлик чигитларга мувофиқлик сертификат олиш учун намуналар юборилиб, бу ўз навбатида “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлим мутахассислари томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижасида вилоятда сифатли уруғлик чигит тайёрланишига эришилмоқда.

Бу эса пахтадан мўл ҳосил олинишида муҳим аҳамиятни касб этиб, келгусида фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари юқори марраларга эришишни таъминлаб беради.

"Ўзагроинспексия"нинг Самарқанд вилоят бошқармаси шўба бошлиғи  Х.Нурбеко

 

Text to speech