Уруғлик ғалла – деҳқончиликда асосий агротехник омиллардан бири бўлиб, юқори ҳосил олиш, озуқа хавфсизлигини таъминлаш ва сифатли аграр маҳсулот етиштиришда муҳим аҳамият касб этади. Уруғлик сифатининг юқорилиги бевосита экинларнинг униб чиқиши, касалликларга чидамлилиги ҳамда ҳосилдорлигига таъсир кўрсатади. Шунинг учун уруғлик ғалла танлаш ва тайёрлаш жараёнига алоҳида эътибор берилиши зарур.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида 2025 йил уруғлик ғалла ҳосили учун жами 14 нафар субъектлар томонидан 530,9 гектар майдонларда уруғлик ғалла экилиб парваришланмоқда.
Туманда 2025 йил уруғлик ғалла ҳосили учун фермер хўжаликлари томонидан буғдойнинг “Гуртъ, “Алексеич”, “Аср”, “Васса” ва “Гром” навлари ҳамда “Дон ва дуккакли экинлар ИТИ” Навоий ИТС томонидан “Темерязевка-150, “Гром”, “Граф”, “Ахмад”, “Аср” ва “Ултра” навлари етиштирилмоқда.
Ушбу уруғлик ғалла майдонларида хўжаликлар томонидан минерал ўғитлар гектарига 800 килограммдан озиқлантирилди ва гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғитлар чиқарилиб, суғориш ишлари шарбат усулида амалга оширилди.
Шу билан бирга, уруғлик бошоқли дон экинларини баргидан биостимуляторлар орқали озиқлантириш (суспензия) ва ғалла майдонларида бегона ўт, касалликлар ва зарарли ҳашаротларга қарши (гербицид, фунгицид, инсектицид) ресурстежамкор технологиялар асосида кимёвий воситалар билан ишлов бериш ишлари амалга оширилди. Ҳозирги кунда уруғлик ғалла майдонлари бошоқлаш фазасида ривожланмоқда.
“Ўзагроинспексия”нинг Қизилтепа туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-106-сонли Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 641-сонли қарорларида белгиланган талабларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан тумандаги фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотларга тегишли огоҳлантириш хатлари, керакли тавсиялар берилиб, амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Албатта, уруғлик ғалла деҳқончиликнинг пойдеворидир. Унинг сифати ва тўғри танланиши бутун йилги меҳнатнинг самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади.
“Ўзагроинспексия”нинг Навоий вилояти бошқармаси