Ру Ўз O`z En

САРА УРУҒ – МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ

2 Май 2025 67

Халқимиз орасида кенг тарқалган “Сара уруғ – мўл ҳосил гарови” деган нақл бежиз айтилмаган. Ҳосилдорликка эришишда, аввало, ерга қадаладиган уруғликнинг сифати асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу боисдан, юртимизда сўнгги йилларда сифатли уруғлик тайёрлаш ва уни назорат қилиш тизими изчил йўлга қўйилган.

Айни пайтда, Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 12-октябрдаги 641-сонли қарори талаблари асосида, 2025-йилги ҳосил учун юқори сифатли уруғлик дон тайёрлаш бўйича қатор назорат ва амалий тадбирлар амалга ошириляпти.

Ушбу жараёнларда Инспекция органлари томонидан жойларда амалдаги норматив ҳужжатлар асосида семинарлар ташкил этилиб, мутасадди ташкилотлар ходимларига зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда.

Самарқанд вилоятида 2025-йил ҳосили учун 324 та фермер хўжаликлари, элита уруғлик хўжаликлари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари томонидан умумий майдони 8138 гектар бўлган ерда бошоқли дон экинлари етиштирилмоқда. Режага кўра, бу ҳудудлардан жами 24 минг тонна сифатли уруғлик дон тайёрланади. Жумладан:

“Кўпайтириш” авлодидаги экинлар – 733 гектар,

“Суперелита” – 6523 гектар,

“Элита” – 797 гектар майдонда етиштирилмоқда.

Шунингдек, қарорнинг 4-бобида белгиланганидек, уруғликка экилган майдонларда экинлар сут пишиш, мум пишиш ва тўлиқ пишиш босқичларида навдорлик ва сифати юзасидан апробация ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда вилоятнинг барча туманларида, 2026-йил ҳосили учун навдорлик даражаси юқори бўлган, серҳосил ғалла навларидан сифатли уруғлик дон жамғарилиши устидан “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан доимий назорат ўрнатилган.

Мазкур тадбирлар орқали келгуси йилларда юртимиз ғаллачилигида барқарор ҳосилдорликка эришиш, экспортбоп навларни кўпайтириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадамлар қўйилмоқда.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд  вилояти бошқармаси 

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш шўбаси бошлиғи Х.Нурбеков

Text to speech