Ру Ўз O`z En

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА 2026-ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН 25700 ТОННА СИФАТЛИ УРУҒЛИК ДОН ТАЙЁРЛАШ РЕЖАЛАШТИРИЛГАН

2 Май 2025 70

Мамлакатимиз аҳолиси сонининг ўсиши натижасида дон маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу талабни қондириш ва бошоқли дон экинларида юқори ҳосилдорликка эришиш учун сифатли уруғлик дон етиштириш муҳим аҳамият касб этади

Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш ва сифатли маҳсулот етиштиришда уруғчилик тармоғи асосий драйвери ҳисобланса, уруғчиликда эса энг муҳим ва долзарб жараён бу - апробация кўригини сифатли ўтказилиши демакдир.

Апробация бу – (лотинча сўздан олинган бўлиб Аппробатио-тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади) ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатдан софлиги, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлиги, касалликларга чалинган-чалинмаганлигини ва экиш учун мўлжалланган уруғликларнинг умумий ҳолатини аниқлаш учун далада ўтказиладиган тадбир.

Шу сабабли жойларда уруғлик ғалла етиштириш бўйича масъул мутахассислар томонидан келгуси йил ғалла ҳосили учун серҳосил, навдорлик сифат кўрсаткичлари давлат стандартларига тўлиқ жавоб берадиган уруғлик дон жамғариш мақсадида, уруғлик ғалла майдонларда апробация кўригига тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган.

Тошкент вилоятида 2025 йил ҳосилидан 159 та фермер хўжаликлари, элита уруғлик хўжаликлари, илмий тадқиқот институтлари томонидан 8001 гектар уруғлик ғалла майдонларда бошоқли дон экинларнинг 17 та навидан жами 5700 тонна сифатли сара уруғлик дон тайёрлаш белгиланган.

Шундан “кўпайтириш кўчатзори” 1018 гектар, “оригинал” авлодидан 6172 гектар, “элита” авлодидан 751 гектар майдон уруғлик ғалла парваришланмоқда.

Айтиш жоизки Инспекциянинг ҳудудий бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 641-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида уруғлик ғалла майдонларида апробация кўригини ўтказилишига қатъий амал қилиш, навга хос бўлмаган аралашмалари ва бегона ўтлар мавжуд майдонларни уруғликдан чиқариш ва яроқсиз, деб топиш бўйича назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунининг 35-моддасига асосан уруғлик дон қабул қилувчи уруғлик цехларининг масъул ва жавобгар шахслари томонидан жорий йилда уруғлик материалларини қабул қилиш, жойлаштиришда стандартлар талабига амал қилиниши ҳамда апробация комиссия аъзолари апробация жараёнини белгиланган талабалар асосида ўтказиш бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар кўрилиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоятда бугунги кунда, амалга оширилаётган бу тадбирлар натижасида 2026 йил ғалла ҳосили учун навдорлик сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, серҳосил ғалла навларидан уруғлик дон жамғарилишда Инспекциянинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш шўбаси, туман бўлимлари томонидан тегишли чоралар белгиланиб, назорат тадбирлари олиб борилмоқда.  

Ўзагроинспексиянинг Тошкент вилояти бошқармаси

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш шўба бош мутахассиси Ш.УСУБАЛИЕВ

Text to speech