Жорий йилда Андижон вилоятида 71 минг 331 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда.
Ғўза майдонларининг қатор ораларига ишлов бериш мақсадида мавсум давомида жами 1402 дона культиваторлар жалб қилиниб, бугунги кунда жами 9 марта культивация ишлари ўтказилиб, ғўзани минерал ўғитлар билан 3-озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланган. Шунингдек, ғўзани 3-суғориш ишлари 65,2 фоиз майдонда амалга оширилган бўлиб, чилпиш ишлари тўлиқ майдонларда ўтказилган.
"Ўзагроинспекция"нинг Андижон вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан, ғўза парвариши бўйича агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан доимий мониторинг тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 1 минг 473 та фермер хўжалигининг 4 минг 995 гектар ғўза майдонида камчиликлар аниқланган. Жумладан, фермер хўжаликларининг ғўза майдонларида кўчат сони кам, сийрак униб чиққанлиги, майдонларда культивация сифатсиз ва кеч ўтказилганлиги, минерал ўғитлар билан сифатсиз озиқлантирилганлиги, чопиқ ишлари муддатида ўтказилмаган ёки сифатсиз ўтказилганлиги, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши сифатсиз ишлов берилганлиги каби бир нечта ҳолатлар мониторинг қилинди.Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фермер хўжаликларига 942 та огоҳлантириш ва соҳа масъулларига 23 та тақдимномалар киритилиши таъминланди.
Ж.Ташланов, Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни ўтказилишини назорат қилиш бўйича бош мутахассис