Қишлоқ хўжалигида долзарб тадбирлардан бири бўлган ғалла ўрими мавсуми ҳам бошланмоқда.
Айни жараёнда “Ўзагроинспекция” томонидан 2024-йил ғалла ўрими мавсумида қатнашадиган дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш ишлари- яъни комбайнлар созлиги, уларнинг мавсумга шайлиги масалаларида ўтказаётган назорат тадбирлари муҳим аҳамиятга эга.
Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида, жорий йилги мавсумда республика бўйича жами 3 008 дона дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш режалаштирилган.
Ушбу комбайнларнинг 1 061 донасини Кейс ва Нью Холланд, 1 587 донасини Класс, 287 донасини Вектор ва 73 донасини бошқа юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари ташкил этади.
Бугунги кун ҳолатига Республика бўйича жами 2 953 дона ёки 98 фоиз комбайнларни таъмирлаш ишлари якунланди.
Таъмирлаш ишлари якунланмаган жами 55 дона, жумладан Тошкент вилоятида 27 дона, Қашқадарёда 21 дона ва Бухорода 7 дона комбайнларни таъмирлаш ишлари якунлаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳудудларда "Ўзагроинспекция" ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда тегишли масъуллардан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, улар томонидан таъмирдан чиқарилган комбайнлар махсус сертификат асосида қабул қилиб олинмоқда.
Бунда, ҳар бир комбайн 10-15 км масофага юргизилиб, уларнинг ишчи органлари ишлатиб кўрилиб техник кўрикдан ўтказилмоқда, Шунингдек, комбайнларни ёнғин хавфсизлик жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Таъмирдан чиқарилган комбайнлар Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида 100 фоизга, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 85-90 фоизга тайёр бўлиб, комиссия томонидан қабул қилиб олинди ва техник кўрикдан ўтказилди.
Бошқа ҳудудларда ҳам таъмирдан чиқарилган комбайнларни махсус сертификат асосида қабул қилиниб, техник кўрикдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.