Ру Ўз O`z En

Жорий йилда Тошкент вилоятида 14 минг гектардан ортиқ майдонга картошка экилади

12 Март 2024 1274

Дунёнинг 156 мамлакатида йилига 376,9 миллион тоннадан ортиқ картошка ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон ушбу мамлакатлар орасида 23-ўринни эгаллайди. Энг йирик ишлаб чиқарувчилар Хитой, Ҳиндистон, Россия, Украина, АҚШ, Германия, Бангладеш, Польша, Франция ва Голландия ҳисобланади.

Аҳолининг картошкага бўлган талабини қондириш ва ички бозорлардаги нарх-наволар барқарорлигини сақлаш мақсадида фермер, деҳқон ва тадбиркорларга асосий ва боғ-ток қатор ораларига картошка экишда кўмак кўрсатилмоқда. Улар юқори ҳосилли уруғликлар билан таъминланмоқда.

Тошкент вилоятида истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондириш мақсадида Президентнинг 2020 йил 6 майдаги ПҚ-4704-сон қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан Тошкент вилоятида 9 та туман картошка етиштиришга, шундан 4 та туманни уруғлик картошкага ихтисослаштириш белгилаб олинган.

Шунингдек, вилоятда Ҳукуматнинг 193-сонли қарори билан ташкил этилган «Agrover» агросаноат картошкачилик кластери -картошка ишлаб чиқаришнинг уруғчилигидан тортиб, чуқур қайта ишлашгача бўлган бутун жараёнини қамраб олган. Кластер ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, ер-сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш учун замонавий технологиялар ва ускуналардан фойдаланади.

«Agrover» агросаноат картошкачилик кластери томонидан 420 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва механизациялаштириш тизимини жорий этилди.

Картошканинг янги ҳосилдор навларини яратиш, деҳқонларни сифатли уруғлик билан таъминлаш йўлидаги изчил изланишлар ўз самарасини бермоқда.

Бунда кластер таркибига киритилган Бўстонлиқ картошкачилик маркази томонидан яхлит плантация майдонларида уруғлик картошка етиштириш йўлга қўйилган.

Бўстонлиқ картошкачилик маркази” томонидан хориждан "Фонтане", "Аляска", "Аризона", "Алуэтта", "Белоросса", "Сильвана", "Санте", "Сунита", "Эволюшин", "Эсми", "Арнова", "Маниту" каби 14 та навлар уруғлари келтирилиб, маҳаллийлаштирилмоқда.

Ушбу уруғлик картошканинг экишдан бошлаб то йиғиштириб олгунга қадар бўлган давр мобайнида бажариладиган агротехник тадбирларнинг бажарилиши Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан мунтазам назоратга олинган.

Жорий йилда Тошкент вилоятида 14 800 гектар майдонга картошка етиштириш режалаштирилган.

Инспекциянинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан картошка экиладиган майдонларга мувфиқлик сертификатига эга бўлмаган уруғлик картошканинг вилоятимиз ҳудудига кириб келиши ва реялизация қилинишига барҳам бериш бўйича картошка етиштирувчи туман ҳокимликлари, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига огоҳлантириш хатлари берилиб, мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган картошка экишнинг салбий оқибатлари тушунтириб борилмоқда.

Ш.Усубалиев, "Ўзагроинспекция"нинг Тошкент вилоят бошқармаси бош инспектори 

Text to speech