Ру Ўз O`z En

SHO‘R YUVISH – MUHIM AGROMELIORATIV TADBIR

14 Dekabr 2022 1790

Sho‘r yuvish- qishloq xo‘jaligidagi mavsumiy muhim agrotexnik tadbir hisoblanadi. Shu bois joylarda mazkur tadbirni sifatli va kechiktirmay o‘tkazilishi yuzasidan daxldor tashkilotlar va fermer xo‘jalik rahbarlari ishtirokida o‘quv-amaliy seminarlar bo‘lib o‘tmoqda. Shunday amaliy seminarlardan biri viloyatning Karmana tumani “Hazora”hududidagi “Avez bobo” fermer xo‘jaligida bo‘lib o‘tdi. Unda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish Inspeksiyasi Navoiy viloyat boshqarmasi rahbariyati va xodimlari, tuman hokimligining qishloq va suv xo‘jaligi masalalari bo‘yicha o‘rinbosari, shuningdek, sohaga oid boshqa korxonalar masʼullari va fermer xo‘jalik rahbarlari qatnashdi. 

Маълумот ўрнида келтириш жоиз, вилоятда жами 344 та фермер хўжаликларнинг жами 13 100 гектар ер майдонида шўр ювиш режалаштирилган. Шундан 1014 гектари кучли,3 612 гектари ўртача ва 8 474 гектари кучсиз шўрланган майдонлардир. Ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида шўр ювиш тадбирини  сифатли ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга. “Авез бобо” фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинарда мутахассислар томонидан айни шу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, бунда биринчи навбатда суғориш шаҳобчаларини ва зовурларни тозалаш зарур. Шунингдек, шўри ювиладиган ерлар 35-40 сантиметр чуқурликда шудгор қилиниб молаланади. Узун елканли текислагич билан икки йўналишда қиялик фарқи 5 сантиметр текисланади. Чунки нотекис ерларда тупроқни бир хилда сув бостириб тузлардан тозалаб бўлмайди. Сувдан тежамли фойдаланиш имконияти йўқолади. Шўрланган ерлар асосан бостириб ювилади. Бундай ювишда участка ўқариқлари ва челлар олиниб, бўлакларга бўлинади, полларнинг катта-кичиклиги даланинг нишаблигини ва текислаш сифатига қараб белгиланади. Сув сатҳи қанча юқори бўлса, шўр ювиш шунча сифатли бажарилиши ва бошқалар тўғрисида мутахассислар томонидан фермерларга тушунча ва тавсиялар берилди.

Семинарда “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан шўр ювиш ишларини сифатли бажарилиши ҳамда сувчиларга яратилган шароитлар, уларни резина этик ва тош фонарлар билан таъминланганлиги, сув тежамкорлигига риоя этилиши ҳамда бошқалар юзасидан доимий назорат олиб борилиши ҳам алоҳида таъкидланди.

-        Кармана туманида 1700 гектар шўр ювиладиган майдон мавжуд. Бугунги кунда 48 гектар майдон шўр ювиш учун тайёр ҳолатга келтирилган, - дейди “Ўзагроинспекция” Кармана туман бўлими катта инспектори Аббосбек Ибрагимов.- Шўр ювишда талаб этиладиган қоидаларга риоя этилиши, сувчиларга қулай иш муҳити яратиб бериш юзасидан фермер хўжалик раҳбарларига огоҳлантириш ва ёзма кўрсатмалар берилмоқда. Мақсадимиз ушбу агротехник тадбирни сифатли ўтказишга қаратилган.

“Авез бобо” фермер хўжалигининг пахта, ғаллага ихтисослашган жами 90 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 35 гектари шўр ювиладиган майдон сирасига киради. Шўр ювиш ишларига фермер хўжаликнинг 7 нафар сувчиси жалб этилган. Семинар давомида фермер хўжаликнинг 15 гектар майдонида чел олиниб, шўр ювиш тадбири амалга оширилди.

Шунингдек, фермер хўжалик раҳбарларига дала атрофларини ободонлаштириш, тут ва тол кўчатларини ўтқазиш юзасидан ҳам тавсиялар берилди.

Бу каби ўқув-амалий семинарлар Навбаҳор, Қизилтепа, Хатирчи туманларида ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Айни кунларда вилоятда шўр ювиш ва шўр ювишга ер тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

 

 

    З. Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси

 матбуот хизмати 

Text to speech